Венесуэлада 8 кун вайроналар остида қолган эркак тирик топилди

Венесуэлада ўтган ҳафта содир бўлган кучли зилзилалардан кейин вайроналар остида қолган 43 ёшли қўриқчи Эрнан Альберто Гил Флорес саккиз кундан сўнг тирик ҳолда қутқарилди. Унинг омон қолиши халқаро қутқарувчилар томонидан ҳақиқий мўъжиза сифатида баҳоланмоқда.
Маълум қилинишича, у Ла-Гуайра шаҳридаги Galerías Playa Grande савдо марказида тунги навбатда ишлаётган пайтда 7,2 ва 7,5 магнитудали кетма-кет зилзилалар содир бўлган. Атрофдаги бино қулаб тушган бўлса-да, кичик қўриқлаш кабинкаси уни босиб қолишдан асраган ва ичида ҳаво сақланиб қолган.
Коста-Рика Қизил Хоч жамияти мутахассислари якшанба куни унинг тирик эканини аниқлаган. Қутқарувчиларнинг айтишича, Эрнан дастлаб хотинига тириклиги ҳақида хабар берилмаслигини сўраган, чунки қутқарув муваффақиятли якунланмаслигидан хавотирланган.

Пайшанба куни Чили, АҚШ, Португалия, Мексика ва бошқа мамлакатлар қутқарувчилари иштирокида ўтказилган мураккаб операция натижасида Эрнан вайроналар орасидан олиб чиқилди. Сўнгги кунларда унга махсус камера орқали алоқа ўрнатилиб, сув ва суюқ озуқа етказиб турилган.
Расмий маълумотларга кўра, 7,2 ва 7,5 магнитудали зилзилалар оқибатида қарийб 2 200 киши ҳалок бўлган, 11 мингдан ортиқ одам жароҳатланган, яна ўн минглаб инсонлар бедарак деб ҳисобланмоқда.
Ҳозирда асосий эътибор жабрланган аҳолига ёрдам кўрсатишга қаратилган. Минглаб одамлар бошпанасиз қолган, озиқ-овқат ва ичимлик суви танқислиги кузатилмоқда. Жаҳон озиқ-овқат дастури эса камида 500 минг нафар инсонга уч ой давомида гуманитар ёрдам зарурлигини маълум қилди.






























Изоҳлар 0
…