Аёл мэрнинг декрет таътили Японияда шов-шувга сабаб бўлди

Аёл мэрнинг декрет таътили Японияда шов-шувга сабаб бўлди
Қисқача

Явата шаҳри мери Шоко Кавата Японияда амалдаги лавозимида туриб декрет таътилига чиққан биринчи мер бўлди. 2023 йилда 33 ёшида Япониянинг энг ёш аёл мери бўлган Кавата учун таътил тартибини алоҳида ишлаб чиқишга тўғри келган, чунки мер лавозимига бундай ҳуқуқ кафолатланмаган эди.

Япониянинг ғарбий қисмидаги кичик Явата шаҳри мэри Шоко Кавата мамлакат тарихида амалдаги лавозимда туриб декрет таътилига чиққан биринчи мэр бўлди. Унинг бу қарори Японияда турли фикрларга сабаб бўлиб, халқаро оммавий ахборот воситалари эътиборини ҳам тортди.

69 мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган Явата шаҳрига раҳбарлик қилаётган Кавата 2023 йилда 33 ёшида Япониянинг энг ёш аёл мэрига айланган эди. Унинг айтишича, лавозимга сайланган пайтидаёқ фарзандли бўлишни режалаштирган.

Бироқ шаҳар ходимларига 16 ҳафталик декрет таътили кафолатланган бўлса-да, мэр лавозими учун бундай тартиб мавжуд эмас эди. Шу сабабли Кавата ўзининг декрет таътилига чиқиши учун алоҳида тартиб ишлаб чиқишига тўғри келган.

«Биринчи мэр бўлганимни билганимда, ўзим ҳам жуда ҳайрон қолдим. Бу ҳолатгача ёш аёллар, умуман аёллар орасидан мэр бўлганлар жуда кам эканини англадим», — деди Кавата.

Мэрнинг таътилга чиқишидан олдинги сўнгги оммавий тадбирларидан бири Явата Тайко фестивали олдидан ўтказилган кўча юриши бўлди. Ҳомиладорлиги анча сезиларли бўлган Кавата анъанага кўра кўчма синтоистик зиёратгоҳ — микоси устига чиқиш ўрнига, унинг ортидан пиёда юрди.

Каватанинг қарори Японияда гендер тенглиги масаласи яна бир бор муҳокама қилинишига сабаб бўлди. Мамлакат сиёсат соҳасида аёллар иштироки ҳали ҳам паст даражада. Жаҳон иқтисодий форумининг сўнгги гендер тенглиги ҳисоботида Япония 148 давлат орасида 118-ўринни, сиёсий имкониятлар бўйича эса 125-ўринни эгаллаган.

Каватанинг фикрича, айниқса аҳоли қариб бораётган ва туғилиш даражаси дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан бири бўлган Японияда бу борада жиддий ислоҳотлар зарур.

Япония қонунчилигига кўра, аёлларга тахминан 14 ҳафталик декрет таътили олиш ҳуқуқи берилган. Одатда уларга бу даврда иш ҳақининг қарийб учдан икки қисми ва туғруқ учун қўшимча нафақа тўланади. Айрим давлат хизматчилари учун эса шартлар янада қулайроқ.

«Гендер тенглиги ва меҳнат тартибини ислоҳ қилиш ҳақида кўп гапирилади. Аммо раҳбарлик лавозимидагиларни ҳам қўшиб, барча касб эгалари фарзандли бўлишдан иккиланмайдиган жамиятни шакллантиришимиз керак. Акс ҳолда туғилишнинг камайиши, аҳолининг узлуксиз қисқариши ва иқтисодий таназзулнинг олдини олиш қийин», — деди Кавата.

Шаҳар аҳолисининг аксарияти мэрнинг қарорини қўллаб-қувватлаган. Ҳамкасблари ҳам уни декрет таътилига чиқишга рағбатлантирган. Бироқ оммавий ахборот воситаларида бу ҳақда кенг ёритилганидан сўнг, ижтимоий тармоқларда танқидий фикрлар ҳам пайдо бўлган.

Кавата айрим фойдаланувчилар уни мэрлик вазифасини бажаришдан кўра декрет таътилига чиқиш билан машҳур бўлгани ва «ишлаш учун эмас, таътилга чиқиш учун лавозимда тургани» ҳақида ёзганидан хафа бўлганини айтди. Унинг фарзанди сентябрь ойида дунёга келиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, маҳаллий аҳолининг барчаси ҳам мэрнинг қарорини бирдек қўллаб-қувватламаган. Айримлар, хусусан, Явата шаҳрида яшовчи Чие Фужита декрет таътили ҳуқуқини тан олса-да, Кавата таътил даврида ҳам тўлиқ маош олишига норози бўлган.

«Мен ҳам аёлман ва ўзим ҳам фарзандли бўлганман. Шунинг учун аёл сифатида унинг туғруқ вақтида таътилга чиқиш ҳуқуқига эга эканини қўллаб-қувватлайман. Аммо таътилда бўлган пайтида маошининг 100 фоизини олишига тўлиқ қўшила олмайман», — деди Фужита.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан муҳокама қилингЯнгиликни таҳлил қилинг, фойдали маслаҳатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар