Бухорода ўлдирилган ҳиндистонлик талаба иши Ҳиндистонда ҳам очилди

Бухоро шаҳрида ҳалок бўлган 22 ёшли ҳиндистонлик талабанинг ўлими халқаро даражада ҳам ҳуқуқий жараёнга айланди. Ҳиндистоннинг Керала штати полицияси мазкур воқеа юзасидан қасддан одам ўлдириш моддаси билан жиноят иши қўзғатгани маълум қилинди.
Маълумотларга кўра, иш марҳуманинг ота-онаси аризаси асосида Алаппужа тумани Ҳарипад полиция бўлимида расман рўйхатга олинган. Шу билан бирга, Кералада суд-тиббий экспертиза ҳам ташкил этилган.
Керала полицияси вакилларининг билдиришича, жиноят Ўзбекистон ҳудудида содир этилган бўлса-да, амалдаги қонунчилик халқаро ҳуқуқий тартиб асосида Ҳиндистонда ҳам иш очиш имконини беради. Агар Ўзбекистонда гумонланувчи қонун олдида жавобгарликка тортилса, иш тугатилади. Акс ҳолда, тергов Ҳиндистон томонидан давом эттирилиши мумкин.
Бунинг учун Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги орқали Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиши режалаштирилган. Шунингдек, гумонланувчининг ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотлар ҳам ўрганилмоқда.
Марҳуманинг яқинлари эса терговнинг фақат Ўзбекистон билан чекланиб қолмаслигини истамоқда. Улар иш Кералада ҳам тўлиқ ўрганилиши ва асосий гумонланувчи халқаро ҳуқуқий механизмлар орқали Ҳиндистонга экстрадиция қилиниши масаласи кўриб чиқилишини талаб қилмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, фожиага қизнинг курсдоши гумон қилинмоқда. Тергов версиясига кўра, икки талаба ўртасида чиққан жанжал вақтида йигит ноутбук билан қизнинг бош қисмига зарба берган ва бу ҳалокатга сабаб бўлган.
Бироқ марҳуманинг оиласи воқеа расмий маълумотларда келтирилганидан анча оғир бўлганини таъкидламоқда. Уларнинг айтишича, жасад Ўзбекистондан олиб келинганида танасида кўплаб жароҳат излари аниқланган. Яқинларининг маълум қилишича, тергов давомида марҳума ўлимидан олдин зўравонликка учрагани ҳақида ҳам айрим маълумотлар берилган.
Оила вакиллари қизнинг ўлимига фақат битта зарба эмас, балки унга нисбатан аввал содир этилган зўравонликлар ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини илгари сурмоқда. Шу боис улар Ўзбекистондаги тергов натижаларини диққат билан кузатаётганини билдирган.
Айни вақтда Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари мазкур жиноят иши бўйича қўшимча расмий маълумот эълон қилгани йўқ.






























Изоҳлар 0
…