Термизда eртўладаги яширин онлайн қимор бункери фош этилди

Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида ноқонуний равишда таваккалчиликка асосланган онлайн қимор ўйинларини ташкил этган шахс фаолияти фош қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 5 июль куни мамлакат бўйлаб ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” профилактик тадбирлари доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан махсус тезкор тадбир амалга оширилган. Текширувлар давомида Термиз шаҳрида яшовчи бир фуқаро ўз яшаш хонадонининг ертўла қисмида яширин онлайн қимор бункери ташкил этгани аниқланган.
Тезкор тадбир ва тинтув ишлари жараёнида жиноят жойидан 15 мингдан ортиқ ноқонуний қимор билетлари, ютуқ рақамлари туширилган материаллар, ғолибларни аниқлашда фойдаланилган махсус ўйин барабани, жараённи бошқариш учун ишлатилган компьютер техникаси, мобил телефонлар ҳамда бир нечта банк пластик карталари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Дастлабки маълумотларга кўра, қимор ўйинлари иштирокчиларига билетлар онлайн тарзда сотилган. Кейин эса ғолиблар интернет орқали эфирга узатиладиган махсус барабан ёрдамида аниқланган. Ташкилотчилар иштирокчиларни жалб қилиш мақсадида уларга пул маблағлари ва автомашина каби қимматбаҳо совғалар ютиш имкониятини ваъда қилган.
Ҳозирги вақтда ушбу ҳолат юзасидан қонунчиликка мувофиқ терговга қадар текширув ва процессуал ҳаракатлар олиб борилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қонунбузарликнинг барча ҳолатларига ҳуқуқий баҳо бериш чораларини кўрмоқда.






























Изоҳлар 0
…