Уйидан 439 та қурол чиққан собиқ депутат ҳибсга олинди

Канадада собиқ парламент депутати Инки Марк уйидан юзлаб қурол-яроғ, ўқ-дорилар, қадимий тўп ва катта миқдорда нақд пул топилганидан сўнг ҳибсга олинди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълум қилишича, ҳолат ноқонуний қурол савдоси бўйича олиб борилаётган тергов доирасида аниқланган.
Канада Қироллик отлиқ полицияси (RCMP) Манитоба вилоятининг Дофин шаҳри яқинидаги уйда ўтказилган тинтув вақтида 439 та ўқотар қурол, ўқ-дорилар, қадимий тўп ва 300 минг Канада долларидан ортиқ нақд пулни мусодара қилди. Терговчиларнинг таъкидлашича, камида учта қурол ноқонуний тарзда муомалага киритилган, яна бир қуролнинг серия рақами ўзгартирилган.
78 ёшли Инки Маркка қурол савдоси, рухсат этилмаган қурилмаларни сақлаш, қуролларни хавфсизлик талабларига зид равишда сақлаш ва бошқа бир қатор жиноятлар бўйича айблов эълон қилинган. У 7 июль куни ҳибсга олинган, кейинчалик эса суд қарори билан маълум шартлар асосида озод қилинган.
RCMP Манитоба бошқармаси раҳбарияти ноқонуний қурол савдоси жамоат хавфсизлигига жиддий таҳдид солишини таъкидлаб, ушбу иш бўйича тергов давом этаётганини билдирди.
Тергов жорий йилнинг март ойида АҚШда Дофин атрофида яшовчи бошқа бир шахсга нисбатан қурол билан боғлиқ айбловлар ҳақида маълумот келиб тушгач бошланган. Шу суриштирув давомида Марк томонидан сотиб олинган айрим қуроллар қонуний тарзда расмийлаштирилмагани аниқланган.
Ҳозирча қуроллар ва нақд пулнинг қандай мақсадда сақлангани маълум эмас. Полиция вакили Барри Кирбининг айтишича, ҳозирча маълум бўлган ягона факт — Инки Марк қурол коллекционери экани.
Маълумот учун, Инки Марк 1994 йилда Дофин шаҳри мэри бўлган, 1997–2010 йилларда эса Канада парламенти депутати сифатида фаолият юритган. У турли йилларда Reform Party of Canada, Canadian Alliance ва Conservative Party сафида ишлаган, 2015 йилда мустақил номзод сифатида парламент сайловида иштирок этган.






























Изоҳлар 0
…