АҚШда икки хавфли инфекция тарқалмоқда, ўнлаб одамлар шифохонада

АҚШнинг Нью-Йорк штатига қарашли Лонг-Айленд ҳудудида кетма-кет қайд этилаётган икки хил юқумли касаллик соғлиқни сақлаш мутахассисларини жиддий хавотирга солмоқда. Ҳудудда кучли ич кетишига сабаб бўлувчи циклоспориаз паразити аниқланаётган бўлса, яна бир томондан салмонелла бактерияси билан боғлиқ алоҳида касалланиш ҳолатлари туфайли ўнлаб фуқаролар шифохонага ётқизилган.
Маҳаллий соғлиқни сақлаш идоралари маълумотига кўра, Нассау округида циклоспориаз билан касалланишнинг 17 та ҳолати расман тасдиқланган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу паразит асосан импорт қилинган мева ва сабзавотлар орқали юқади ҳамда беморларда бир ойдан ортиқ давом этиши мумкин бўлган кучли ич кетишини келтириб чиқаради. Фақат июнь ойининг ўзида 11 та янги ҳолат қайд этилган.
Нассау округи соғлиқни сақлаш департаменти вакили Алисса Зоҳрабианнинг айтишича, идора округ аҳолиси орасида аниқланган барча циклоспориаз ҳолатларини диққат билан кузатмоқда. Шунингдек, АҚШ бўйлаб ушбу касаллик билан касалланиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани ҳам алоҳида назорат остига олинган.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг шу даврида қайд этилган 17 та ҳолат ўтган йилнинг мос давридаги 10 та ҳолатга нисбатан сезиларли ўсишни кўрсатмоқда.
Соғлиқни сақлаш мутахассислари фуқароларга хом мева ва сабзавотлар билан ишлашдан олдин ва кейин қўлларни совун билан яхшилаб ювиш, барча маҳсулотларни истеъмол қилишдан аввал синчковлик билан тозалаш ҳамда алоҳида тоза тахта ва ошхона анжомларидан фойдаланишни тавсия қилмоқда.
Шунингдек, озиқ-овқатни камида 158 даража Фаренгейт (тахминан 70°C) ҳароратда пишириш паразитни йўқ қилишга ёрдам бериши таъкидланган.
Нью-Йорк штати соғлиқни сақлаш идораси маълумотига кўра, штат бўйлаб 400 дан ортиқ циклоспориаз ҳолати қайд этилган бўлиб, уларнинг асосий қисми Нью-Йорк шаҳри ҳиссасига тўғри келади.
АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) маълумотига кўра, 11 июль ҳолатига мамлакатнинг 31 штатида қарийб 850 та тасдиқланган циклоспориаз ҳолати қайд этилган. Улардан 86 нафари шифохонага ётқизилган.

Шунингдек, CDC ҳозирда яна 1500 дан ортиқ эҳтимолий ҳолат устида қўшимча таҳлиллар олиб бораётганини билдирган. Мақсад ушбу касалликларнинг АҚШ ҳудудида юқтирилган циклоспориаз эканини тасдиқлашдан иборат.
Айни пайтда Лонг-Айленднинг Саффолк округи ҳам яна бир хавфли касаллик — салмонелла тарқалиши билан курашмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, инфекция маҳаллий ҳиндулар резервациясида ўтказилган Palm Tree Music Festival мусиқа фестивали билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Расмийлар ва манбаларнинг билдиришича, 1 июлдан буён салмонелла аломатлари билан 58 нафар бемор шифохонага ётқизилган. Мутахассислар касаллик манбасини аниқлаш ва унинг янада кенгроқ тарқалишининг олдини олиш бўйича суриштирув ишларини давом эттирмоқда.






























Изоҳлар 0
…