Япония аҳолиси 42 йилда илк бор 120 миллиондан камайди

Японияда демографик инқироз янада чуқурлашмоқда. Мамлакат фуқаролари сони сўнгги 42 йил ичида биринчи марта 120 миллионлик чегарадан пастга тушди. Бу ҳақда ҳукумат маълумотларига таяниб Mainichi нашри хабар берди.
Расмий маълумотларга кўра, 2026 йил 1 январь ҳолатига мамлакат фуқаролари сони 119 миллион 736 минг 483 нафарни ташкил этган. Бу ўтган йилга нисбатан 917 минг нафарга камдир. Мутахассислар мазкур кўрсаткични 1968 йилдан буён кузатилган энг катта йиллик қисқариш сифатида баҳоламоқда.
Шу билан бирга, Японияда яшовчи хорижий резидентлар сони ўсишда давом этмоқда. Улар сони бир йил ичида 354 минг нафарга кўпайиб, рекорд даража — 4 миллион 31 минг 159 кишига етди. Ички ишлар ва коммуникация вазирлиги мазкур статистикани 2013 йилдан буён юритиб келмоқда.
Ҳукумат туғилиш даражасини ошириш бўйича турли чора-тадбирларни амалга ошираётганига қарамай, мамлакатда туғилишлар сони пасайишда давом этмоқда. Жорий ҳисобот даврида қарийб 670 минг чақалоқ дунёга келган бўлса, вафот этганлар сони 1 миллион 590 минг нафарни ташкил этди. Бу демографик мувозанатнинг янада ёмонлашаётганини кўрсатмоқда.
Япониянинг 47 та префектураси орасида фақат пойтахт Токио аҳолиси ўсиш қайд этди. Бу ерда фуқаролар сони 0,09 фоизга кўпайган.
Меҳнат бозорида кадрлар етишмаслиги туфайли Япония хорижий ишчиларни жалб қилиш сиёсатига босқичма-босқич кенгроқ йўл очмоқда. Натижада чет эллик резидентлар сони кетма-кет тўртинчи йил ўсишни қайд этди. Уларнинг 86,17 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдагилар ҳисобига тўғри келади.
Хорижий аҳоли энг тез кўпайган ҳудудлар сифатида Ҳоккайдо, Окинава ва Оита префектуралари қайд этилди.
Умуман олганда, хорижий резидентлар билан биргаликда Япониянинг умумий аҳолиси 123 миллион 767 минг 642 нафарни ташкил қилди. Бу ҳам ўтган йилга нисбатан тахминан 563 минг кишига камдир. Аҳоли ўсиши эса фақат Токио, Чиба ва Осака префектураларида кузатилган.






























Изоҳлар 0
…