Жаҳонгир Отажонов мол-дунё ҳақида кутилмаган фикр билдирди (видео)

Хонанда Жаҳонгир Отажонов ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларидан бирида замонавий ҳаёт тарзи, пул ортидан қувиш ва инсоннинг ҳақиқий бахти ҳақида фикр билдирди.
Унинг таъкидлашича, бугунги кунда кўпчилик ҳаётини моддий бойликлар билан ўлчай бошлаган. Кимдир қанча пул топганини, қандай уй ёки қимматбаҳо машина сотиб олганини кўз-кўз қилишга интилади. Бироқ бундай ҳаёт тарзи инсонни ҳақиқий хотиржамлик ва бахтга етакламаслигини айтди.
Хонанда ҳозирда концерт дастури муносабати билан Москва шаҳрида бўлиб турганини, аммо у ерда ўзини зерикаётганини яширмади. Айтишича, унга шовқин-суронли шаҳар ҳаётидан кўра, Ўзбекистондаги ўз уйи ва оддий турмуш тарзи кўпроқ ёқади.
Отажоновнинг сўзларига кўра, у бўш вақтида уй ҳайвонларига қарашни хуш кўради. Сигир соғиш, қўй ва бошқа молларни парвариш қилиш унга алоҳида завқ бағишлайди. Бу каби оддий машғулотлар унга руҳий хотиржамлик ва ҳаётдан лаззат бағишлашини таъкидлади.
Қуйида Жаҳонгир Отажоновнинг ушбу мавзудаги видеомурожаатини томоша қилинг:
Видеода хонанда инсон ҳаётнинг ўткинчилигини унутмаслиги кераклигини таъкидлайди. Унинг фикрича, дунё мол-дунёси абадий эмас ва инсон бутун умрини фақат бойлик орттиришга бағишлаб қўймаслиги лозим.
«Бу дунё ўткинчи. Барибир абадий эмасмиз. Шунинг учун ҳаётдан завқланиб, яқинлар билан вақт ўтказиб, яшашни ҳам билиш керак», деган мазмундаги фикрлари ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда.
Хонанданинг ушбу мулоҳазалари турли муносабатларга сабаб бўлди. Айримлар унинг ҳаёт ҳақидаги қарашларини қўллаб-қувватлаган бўлса, бошқалар эса ҳар ким бахтни ўзи истаган тарзда топишини таъкидламоқда. Шунга қарамай, Отажоновнинг асосий ғояси бир нарсага бориб тақалади: пул муҳим, аммо инсон яшашнинг ўзи ҳам қадрли эканини унутмаслиги керак.






























Изоҳлар 0
…