Олимлар Ер аҳолисини икки баравар камайтиришни таклиф қилди

Олимлар атроф-муҳитга босимни камайтириш учун 2200 йилга келиб дунё аҳолиси сонини босқичма-босқич 4 миллиард нафаргача қисқартиришни таклиф қилмоқда. Уларнинг фикрича, аҳоли сонининг табиий камайиши ер ресурслари, озиқ-овқат, сув ва энергияга тушадиган юкламани пасайтириб, ифлосланиш, иқлим ўзгариши, қашшоқлик, ресурслар учун можаролар ва мажбурий миграцияни камайтириши мумкин.
Ҳозирги кунда Ер юзида 8 миллиарддан ортиқ инсон яшайди. Атроф-муҳитга тушаётган босимни камайтириш ва табиий ресурслардан янада барқарор фойдаланиш мақсадида олимлар 2200 йилга келиб дунё аҳолиси сонини босқичма-босқич 4 миллиард нафаргача қисқартириш таклифини илгари сурди. Бу ҳақда Sustainable Development журналида чоп этилган тадқиқотга таяниб Naked Science нашри хабар берди.
Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, аҳоли сонининг табиий равишда қисқариши ер ресурслари, озиқ-овқат, сув ва энергияга тушадиган юкламани камайтиради. Шу билан бирга, атроф-муҳитнинг ифлосланиш даражаси пасайиши, иқлим ўзгаришига таъсир этувчи омиллар қисқариши ҳамда туғилиш даражаси юқори бўлган ҳудудларда қашшоқликни камайтиришга хизмат қилиши мумкин. Олимлар фикрича, бу ресурслар учун юзага келадиган можаролар ва мажбурий миграцияни ҳам қисқартиришга ёрдам беради. Аҳоли зич жойлашган ҳудудларда эса яшаш сифати яхшиланиши мумкин.
Муаллифлар аҳоли сонини камайтириш учун мажбурий ёки зўравонликка асосланган чораларни қўллаш зарур эмаслигини алоҳида таъкидлаган. Улар бунинг ўрнига туғилиш даражаси юқори бўлган камбағал ҳудудларда таълим, тиббиёт ва ижтимоий ривожланиш имкониятларини кенгайтиришни энг самарали ечим сифатида кўрсатган. Айниқса, қизлар учун сифатли таълим олиш имкониятини таъминлаш асосий омиллардан бири сифатида қайд этилган.
Тадқиқотчиларнинг фикрича, аёллар таълим олиш, ишлаш ва фарзанд кўриш масаласида мустақил қарор қабул қилиш имкониятига эга бўлган жамиятларда туғилиш даражаси табиий равишда барқарорлашади. Улар бу борада Эрон, Жанубий Корея ва Коста-Рика тажрибасини мисол қилиб келтирган. Мазкур давлатларда 10–20 йил ичида бир аёл ҳиссасига тўғри келадиган ўртача фарзандлар сони қарийб икки баравар қисқарган.
Тадқиқотда қайд этилишича, сўнгги 25 йил ичида глобал умумий туғилиш коэффициенти бир аёл ҳиссасига 2,75 нафардан 2,25 нафарга тушган. Олимлар бу тенденция яна 25 йил давом этса, дунё бўйича ўртача кўрсаткич 1,75 нафаргача пасайиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Шу билан бирга, ушбу ғояни қўллаб-қувватламайдиган мутахассислар ҳам бор. Уларнинг фикрича, инсоният дуч келаётган асосий муаммо аҳоли сони эмас, балки ресурсларнинг нотенг тақсимланиши ва улардан самарасиз фойдаланилишидир. Бироқ тадқиқот муаллифлари барқарор ривожланишга эришиш учун аҳоли ўсиш суръатини секинлаштириш билан бир қаторда, ҳар бир инсоннинг атроф-муҳитга таъсирини ҳам камайтириш муҳимлигини таъкидлаган.
Маълумот учун, 2026 йил 15 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон аҳолиси 39 миллион 47 минг нафардан ошган. Шундан 19,76 миллион нафарини эркаклар, 19,3 миллион нафарини эса аёллар ташкил этади. Шунингдек, мамлакатда 21,3 миллион киши шаҳарларда, 17,8 миллион нафар аҳоли эса қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилмоқда.






























Изоҳлар 0
…