Олимлар кутмаган хавфли йўлбарс акула янги ҳудудда пайдо бўлди

Массачусец штати соҳилларида одатда учрамайдиган, узунлиги тахминан 1,5 метр бўлган ёш йўлбарс акуласи тутилиб, кейин денгизга қўйиб юборилди. Ҳодиса Кейп-Код яримороли соҳилларида ака-ука Нейт ва Нелсон Руеттнинг тунги балиқ ови вақтида юз берди. Мутахассислар йўлбарс акулаларининг шимолий ҳудудларда кўпроқ учрай бошлашини Атлантика океани сувларининг исиши ва иқлим ўзгариши билан изоҳламоқда.
АҚШнинг Массачусетс штати соҳилларида одатда учрамайдиган йўлбарс акуласи тутилиши олимлар эътиборини тортди. Мутахассислар бу ҳолат океан сувларининг исиши ва иқлим ўзгариши оқибатида денгиз экотизимида юз бераётган ўзгаришларнинг яна бир белгиси бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Ҳодиса Кейп-Код яримороли соҳилларида содир бўлган. Массачусетсда яшовчи ака-ука Нейт ва Нелсон Руэтт тунги балиқ ови вақтида қармоққа илинган жониворнинг йўлбарс акуласи эканини кўриб ҳайратда қолган. Нейт Руэттнинг айтишича, акуланинг танасидаги ўзига хос кўндаланг чизиқларни кўрган заҳоти унинг қайси турга мансублигини англаган. Кейинчалик улар узунлиги тахминан 1,5 метр бўлган ёш акулани яна денгизга қўйиб юборган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, йўлбарс акулалари одатда Кариб денгизи ва бошқа тропик ҳудудларда яшайди. Улар 4,5 метрдан ортиқ узунликка ва 635 килограммгача вазнга етиши мумкин. Бу тур денгиздаги энг йиртқич акулалардан бири ҳисобланади ва катта ёшдагилари инсон учун ҳам хавфли саналади, бироқ сабабсиз ҳужумлар жуда кам учрайди.

Бостондаги Янги Англия аквариумининг илмий ходими Жон Чисҳолмнинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда шимолий ҳудудларда ёш йўлбарс акулалари кўпроқ учрай бошлаган. Олим буни Атлантика океани сувларининг исиши билан изоҳлаб, ҳудуд келажакда улар учун кўпайиш жойига айланиши мумкинлигини айтди.
Мутахассислар қайд этишича, иқлим ўзгариши туфайли нафақат йўлбарс акулалари, балки катта оқ акулалар ва қора денгиз окуни каби бошқа денгиз жониворлари ҳам тобора шимолий ҳудудларга силжимоқда. Олимлар бу жараён денгиз экотизимидаги муҳим ўзгаришлардан бири эканини таъкидламоқда.






























Изоҳлар 0
…