Трампдан шов-шувли баёнот: У Украинага қурол беришни рад этди!

АҚШ Президенти Доналд Трамп Украинага қўшимча ракеталар, жумладан Патриот ҳаво мудофааси тизимлари ва узоқ масофали ракеталарни бериш масаласида рад жавобини билдирди. У АҚШга ракеталар ўзи ҳам кераклигини айтиб, Жо Байден маъмуриятини Украинага 300 миллиард долларлик ўқ-дорилар бериб, Америка қурол-яроғ захираларини камайтирганликда айблади.
АҚШ Президенти Дональд Трамп Оқ уйда ўтказилган навбатдаги брифингда Украинага қўшимча ҳарбий ёрдам, жумладан Patriot ҳаво мудофааси тизимлари ва узоқ масофали ракеталарни етказиб бериш масаласида кескин муносабат билдирди.
Вашингтоннинг Киевга қўшимча ракеталар ажратиши борасидаги журналистлар саволига Трамп қисқа ва очиқчасига: «Бизга ўзимизга ҳам ракеталар керак», дея жавоб берди.
"Байден 300 миллиард долларлик ўқ-дориларни тарқатиб юборди"
АҚШ давлат раҳбари собиқ президент Жо Байден маъмуриятини Украинага меъёрдан ортиқ ёрдам кўрсатиш орқали Американинг стратегик қурол-яроғ захираларини ҳалокатли даражада камайтирганликда айблади.
"Байден Зеленскийга 300 миллиард долларлик ўқ-дориларни берди. Мен лавозимдан кетганимда армия омборлари тўла эди, аммо у бу захираларнинг катта қисмини тарқатиб юборди. Ҳозир биз бу йўқотишларни қайта тиклаш билан шуғулланяпмиз", — деди Дональд Трамп.
Шу билан бирга, Президент АҚШ армияси ҳозирда ҳам мамлакат хавфсизлигини таъминлаш учун етарлича қурол-яроққа эга эканини қўшимча қилди. У айрим тизимлар энг замонавий эмаслигини тан олган бўлса-да, уларнинг жанговар самарадорлиги етарли даражада эканини қайд этди.
Зеленскийнинг хавотири ва Оқ уйнинг рад жавоби
Трампнинг бу баёноти Украинада ҳаво ҳужумларидан ҳимояланиш учун Patriot ракета-тўсувчиларига эҳтиёж ўта кучайган бир пайтда янгради.
Эслатиб ўтамиз, 1 августга ўтар кечаси Россия томонидан амалга оширилган оммавий ракета ҳужумидан сўнг Украина Президенти Володимир Зеленский Ғарб ҳамкорларини ҳаво мудофаа воситаларини зудлик билан етказиб беришга чақирган эди. Зеленский ушбу қуроллар "келажакдаги сценарийлар учун омборларда турмасдан, айнан ҳозир жанг майдонида зарурлигини" таъкидлаган. Аммо Вашингтоннинг сўнгги позицияси Киев учун вазият янада мураккаблашиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Фикрингизни изоҳда қолдиринг ва мақолани танишларингизга Telegram ёки бошқа ижтимоий тармоқларда улашинг!































Изоҳлар 0
…