Сурхондарёда чақалоғини сотмоқчи бўлган талаба 6 йилга қамалди

Сурхондарёда чақалоғини сотмоқчи бўлган талаба 6 йилга қамалди

Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида университет талабаси тўрт кунлик ўғлини 1 500 долларга сотмоқчи бўлгани учун олти йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Суд ҳужжатларига кўра, 2002 йилда туғилган С.Ж. 2025 йил март ойида Ш. исмли йигит билан танишиб, ҳомиладор бўлиб қолган. 2026 йил январ ойида туғруқ вақти яқинлашгач, Термиз туманидаги туғруқхонага мурожаат қилган ва 11 январ куни ўғил фарзандли бўлган.

Шундан сўнг у туғруқхонада Г.Ж. исмли аёл билан танишган. Улар чақалоқни 1 500 АҚШ долларига бериш бўйича келишган. Судланувчи пулни ўқиш контрактини тўлаш учун ишлатмоқчи бўлганини билдирган.

2026 йил 15 январ куни С.Ж. келишилган пулни олаётган ва тилхат ёзаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинган. Хабарларга кўра, ундан 1 400 доллар ва 1,2 миллион сўм ашёвий далил сифатида олинган.

Суд мажлисида С.Ж. айбига иқрор бўлган. У ҳомиладорлиги ҳақида оила аъзолари хабардор бўлмаганини билдирган.

Жиноят ишлари бўйича Термиз туман суди С.Ж.ни Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топган. Суд унга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар