Будапешт марказида «саргардон» тўнғиз метро ҳаракатини тўхтатиб қўйди

Будапешт марказидаги «Лаёш Кошут майдони» метро бекатига кириб қолган тўнғиз сабаб йўловчилар эвакуация қилиниб, M2 йўналишида поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилди. БКВ ходимлари бекатни ёпиб, йўловчилар учун махсус автобуслар қатновини йўлга қўйди. Фавқулодда вазиятлар хизмати тўнғизни тутган, бироқ унинг оғир яралангани аниқлангач, ветеринар уни отиб ташлаш (ухлатиш) ҳақида қарор қабул қилган.
Венгрия пойтахти Будапешт марказида кутилмаган ва фавқулодда ҳодиса юз берди. Шаҳар кўчалари бўйлаб кезиб юрган тўнғиз метро бекатига тушиб кетиши оқибатида йўловчилар зудлик билан эвакуация қилинди ҳамда поездлар қатнови вақтинча тўхтатилди.
Бу ҳақда Будапешт транспорт компанияси (BKV) расмий маълумот тарқатди.
Вагонга кирган «кутилмаган йўловчи» ва тезкор эвакуация
Транспорт компанияси вакилларининг маълум қилишича, ёвойи ҳайвон кутилмаганда «Лайош Кошут майдони» метро бекатида пайдо бўлган:
«Ҳайвон қисқа вақтга вагонлардан бирига кириб олган, хайриятки, ҳеч бир йўловчи жабрланмаган. Кейин эса у вагондан чиқиб, хизмат зинаси орқали пастга тушган ва бекатда турган поезд остига кириб олиб яширинган. BKV ходимлари зудлик билан бекатдаги одамларни эвакуация қилиб, ҳудудни ёпишди. Барча йўловчилар бекатни хавфсиз тарзда тарк этишди», — дейилади BKV баёнотида.
Ушбу фавқулодда вазият сабабли метронинг M2 йўналишида поездлар ҳаракати вақтинча чекланиб, йўловчилар учун махсус автобуслар қатнови йўлга қўйилди.
Будапешт мэрининг муносабати ва ветеринар қарори
Воқеа жойига етиб келган фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари тўнғизни тутишга муваффақ бўлишган. Бироқ текширув давомида ҳайвоннинг оғир яралангани аниқланган. Чақирилган ветеринар шифокор вазиятни баҳолаб, одамлар хавфсизлиги ва ҳайвоннинг азобланишининг олдини олиш мақсадида уни отиб ташлаш (ухлатиш) ҳақида қарор қабул қилган.
Венгрия Миллий овчилик палатаси матбуот котиби Аттила Фелдварининг таъкидлашича, ёвойи тўнғизлар аҳоли гавжум жойларда инсонлар учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Шу сабабли бундай вазиятларда уларни зарарсизлантиришнинг энг хавфсиз йўли ушбу усул ҳисобланади.
Будапешт мэри Гергелий Карачон ҳам Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ушбу ғаройиб ҳодисага муносабат билдирди:
«Бундай воқеа ҳақида ёзишимга тўғри келишини ҳеч қачон ўйламаган эдим. Тўнғиз “Лайош Кошут майдони” каби марказий метро бекатига қандай қилиб кириб қолгани ҳозирча жумбоқлигича қолмоқда», — деб ёзади шаҳар мэри.
Ҳозирда ҳайвоннинг қаерда яралангани ва шаҳар марказидаги метро бекатига қандай етиб келгани юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Фикрингизни изоҳда қолдиринг ва мақолани танишларингизга Telegram ёки бошқа ижтимоий тармоқлар орқали улашинг.































Изоҳлар 0
…