Patriot ракеталари ва Трампнинг шарти: Украина билан янги келишув тафсилотлари

Украина АҚШ билан Патриот ҳаво мудофаа тизимлари учун ҳар ой ракеталар етказиб бериш бўйича келишувга эришди. Володимир Зеленский ажратилаётган ракеталар мамлакат эҳтиёжларини тўлиқ қопламаслиги ва 2026 йилда уларнинг сони камайиши мумкинлигидан хавотир билдирди. Доналд Трамп Патриот ракеталари АҚШ хавфсизлиги учун ҳам зарурлигини таъкидлаб, Украинага қўшимча ўқ-дориларни талаб қилинган миқдорда етказиш имконияти чекланганини айтди.
Украина АҚШ билан Patriot ҳаво мудофаа тизимлари учун ҳар ой ракеталар етказиб бериш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский Белградда Сербия президенти Александр Вучич билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида маълум қилди.
Киев томони АҚШ ракетага қарши мудофаа тизимларининг асосий ишлаб чиқарувчиси сифатида зарур ўқ-дориларга эга эканини ва Вашингтон билан бу борада узлуксиз иш олиб борилаётганини таъкидламоқда.
«Етказиб бериш йўлга қўйилади, аммо 2026 йилда ҳажм камаяди»
Володимир Зеленский журналистларнинг саволига жавоб берар экан, ҳар ойлик ёрдам бўйича аниқ келишув мавжудлигини тасдиқлади:
«Улар бизга ҳар ой ракеталар ажратиб беришадими? Ҳа, бизда бундай келишув бор», — деди Украина раҳбари.
Шу билан бирга, Зеленский ажратилаётган ракеталар миқдори мамлакат ҳаво мудофааси эҳтиёжларини тўлиқ қоплаш учун етарли бўлмаслигидан хавотир билдирди. Унинг қайд этишича, 2026 йилда ушбу ракеталар сони камайиши хавфи бор.
Трампнинг позицияси ва лицензия масаласи
Украина ҳаво мудофааси тизимларини мустаҳкамлаш ва Patriot ракеталари тақчилллигини бартараф этиш бўйича музокаралар узоқ вақтдан бери давом этмоқда:
Захиралар тақчиллиги: Шу йилнинг апрель ойида Зеленский ҳаво мудофааси ракеталари захираси «исталган ҳафтада» тугаб қолиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.
Ишлаб чиқариш лицензияси: Май ойи охирида Украина томони АҚШдан Patriot ракеталарини мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқариш лицензиясини беришни сўраган. Июль ойи бошида АҚШ президенти Дональд Трамп бундай лицензияни беришга тайёрлигини билдирган эди.
Августдаги баёнот ва танқислик: Бироқ август ойига келиб, Америка томони қишга қадар ракеталар ишлаб чиқариш бўйича узоқ муддатли шартнома тузилмаслигини маълум қилди. Президент Трамп АҚШнинг ўз хавфсизлиги учун ҳам Patriot ракеталари зарурлигини таъкидлаб, Украинага қўшимча ўқ-дориларни талаб қилинган миқдорда етказиб бериш имкони чекланганини билдирди.
Ҳозирда АҚШ Конгрессида томонлар Киевга Patriot ҳаво мудофаа тизимларини ишлаб чиқариш технологияларини топшириш бўйича муҳокама ва маслаҳатлашувларни давом эттиришмоқда.
Фикрингизни изоҳда қолдиринг ва мақолани танишларингизга Telegram ёки бошқа ижтимоий тармоқлар орқали улашинг.































Изоҳлар 0
…