Қуёшдаги сирли ҳодиса Ер учун хавфли бўлиши мумкин

Олимлар Қуёш юзасида магнит энергиясини тўплаши ва катта портлашларга сабаб бўлиши мумкин бўлган айланма гирдобларни юқори аниқликда тасвирга олди. Тадқиқот Гавайидаги Иноуе телескопи ёрдамида ўтказилиб, натижалари Натуре журналида эълон қилинди. Бу ҳодисалар «космик об-ҳаво»нинг бир қисми бўлиб, Ердаги электр тармоқлари ва сунъий йўлдошлар ишига халал бериши, космонавтлар учун хавф туғдириши мумкин.
Қуёшдаги плазма ҳаракати унинг магнит майдонини ўзгартиради ва айланма ҳаракатларни юзага келтиради. Олимлар бу жараённи юқори аниқликда тасвирга олиб, Қуёшдаги катта энергия портлашларининг сабабларини яхшироқ тушунишга яқинлашди.
Мазкур ҳодисалар «космик об-ҳаво»нинг бир қисми бўлиб, улар Ердаги электр тармоқлари ва сунъий йўлдошлар ишига халал бериши, ҳатто космонавтлар учун хавф туғдириши мумкин.
АҚШ Миллий қуёш расадхонаси ходими доктор Дэвид Боболтзнинг таъкидлашича, янги тасвирлар олимларга космик об-ҳавони яхшироқ ўрганиш ва унга самаралироқ тайёргарлик кўриш имконини беради. Унинг сўзларига кўра, космик об-ҳавони тушуниш ва уни келажакда башорат қилиш учун Қуёш физикасини энг кичик масштабларгача ўрганиш зарур.
Олимларнинг тадқиқот натижалари ва янги тасвирлар Nature журналида эълон қилинган. Тадқиқот Гавайидаги тоғ чўққисига ўрнатилган дунёдаги энг йирик қуёш телескопи — Иноуэ телескопи ёрдамида амалга оширилган. Ҳудуд осмонининг тозалиги ва чанг миқдорининг камлиги сабабли телескоп учун танланган.
Тадқиқотчилар Қуёш юзасида айланиб, бир-бирига ўралаётган гирдобларни юқори даражадаги деталлар билан тасвирга туширди. АҚШ Миллий қуёш расадхонаси астрономи Давид Куридзенинг айтишича, бундай айланма ҳаракатлар магнит энергиясини ҳосил қилади. Бу энергия маълум вақт давомида тўпланиб, кейинчалик катта миқёсдаги портлашларга сабаб бўлиши мумкин.

Қуёшдаги «портлашлар» нимадан юзага келади?
Олимлар ўрганган жараён Кельвин–Гельмгольц беқарорлиги деб аталади. У плазма каби газ қатламлари ўртасидаги ўзаро таъсир натижасида пайдо бўлиб, айланувчи гирдобсимон тузилмаларни ҳосил қилади. Худди шундай жараён океанлардаги айрим тўлқинларнинг шаклланишида ҳам кузатилади.
Расадхона ходими Фридрих Вёгернинг таъкидлашича, ушбу ҳодисанинг Қуёш юзасида аниқланиши космик об-ҳаво динамикасини тушуниш билан бирга, Қуёш юзасининг нима учун юқори ҳароратга эга эканини англашга ҳам ёрдам беради.
Олимнинг сўзларига кўра, юқори қатламларда етарлича энергия тўпланганида, у чақнаш ёки коронал масса чиқарилиши кўринишида ажралиб чиқиши мумкин.
Дэвид Боболтз тадқиқотнинг амалий аҳамиятини ҳам таъкидлади. Унинг фикрича, мазкур кашфиёт инсонларга космик об-ҳавони ва ундан қандай ҳимояланиш мумкинлигини яхшироқ тушунишга ёрдам беради.
«Бу бизга энг яқин юлдуз. У физиканинг асосий қонунларини тушунишга ёрдам беради. Инсоният билимини бойитиш учун бундай тадқиқотларни давом эттиришимиз керак», — деди олим.






























Изоҳлар 0
…