Сицилия соҳилларида 2000 йиллик сирли кема топилди

Италиялик ғаввослар Сицилия соҳиллари яқинида 2000 йилдан ортиқ тарихга эга бўлиши мумкин бўлган қадимий Рим кемаси қолдиқларини аниқлади. Кема 46 метр чуқурликда жойлашган бўлиб, унинг сақланиб қолган қисми тахминан 21 метр узунлик ва 6 метр кенгликка эга, бортидан эса юзлаб яхши сақланган амфоралар топилган. Италия Маданият вазири Алессандро Жули топилмани сўнгги йилларда сув ости археологияси соҳасидаги “энг муҳим кашфиётлардан бири” деб баҳолади.
Италиялик ғаввослар Сицилия соҳиллари яқинида 2000 йилдан ортиқ тарихга эга бўлиши мумкин бўлган қадимий Рим кемаси қолдиқларини аниқлади. Топилма нафақат ўзининг ёши, балки унинг ичида жуда яхши сақланган юзлаб қадимий идишлар мавжудлиги билан ҳам археологлар эътиборини тортди.
Маълум бўлишича, кемада қадимги даврда турли маҳсулотларни ташиш учун ишлатилган юзлаб амфоралар сақланган. Бундай баланд ва сополдан ясалган идишлар асосан вино, зайтун мойи ва дон каби маҳсулотларни узоқ масофаларга етказиб беришда қўлланилган.
Италия Маданият вазири Алессандро Жули ушбу топилмани сўнгги йилларда сув ости археологияси соҳасида амалга оширилган “энг муҳим кашфиётлардан бири” сифатида баҳолади.
Қадимий кема 46 метр чуқурликдан топилди
Мутахассис полиция ғаввослари кемани балиқчилардан келиб тушган маълумотдан кейин излаб топган. Кема денгиз сатҳидан тахминан 46 метр чуқурликда жойлашган.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, кеманинг сақланиб қолган қисми тахминан 21 метр узунлик ва 6 метр кенгликка эга. Италия Маданият вазирлиги маълумотларига кўра, мазкур тарихий ёдгорлик милоддан аввалги II ёки I асрларга тааллуқли бўлиши мумкин.
Топилма Мазара-дель-Валло шаҳри яқинида, денгиз тубини ўрганаётган балиқчи ва эркин ғаввос Жакомо Де Мола томонидан ҳам кузатилган.
У ижтимоий тармоқда ёзишича, сканер орқали денгиз тубида катта тошга ўхшаш объектни кўргач, уни яқиндан текширишга қарор қилган.

Ғаввос объектга яқинлашганида эса унинг тош эмаслигини англаган. У ерда бир-бирига яқин жойлашган юзлаб амфоралар кўзга ташланган.
“Бу, шубҳасиз, ҳаётимдаги энг ҳайратланарли кашфиёт”, дея ёзган Де Мола. У деярли 20 аср давомида биринчи инсонлардан бири сифатида ушбу жойни яна кўриш қандай ҳис эканини сўз билан ифодалаш қийинлигини таъкидлаган.
Кема ичида денгиз жонзотлари ҳам яшамоқда
Де Мола ҳалокатга учраган кеманинг видеосини ҳам ижтимоий тармоққа жойлаштирган. Кадрларда амфоралар орасида илонбалиқлар, снапперлар ва саноқсиз денгиз жонзотлари яшаб келаётгани кўринади.
“Денгиз бизларни ҳайратда қолдиришдан ҳеч қачон тўхтамайди. Бу сафар биз шунчаки кема қолдиқларини эмас, тарихимизнинг бир қисмини топдик”, дея таъкидлаган у.
Кашфиёт ҳақида хабар берилгач, Италия полициясининг маданий меросни муҳофаза қилиш бўлимига қарашли махсус ғаввослар ҳодиса жойига юборилди.

Масъуллар тарихий объектни кейинги тадқиқотлар даврида асраб қолиш учун махсус хавфсизлик чоралари кўрилишини маълум қилди. Мутахассислар ҳозирда кеманинг аниқ тарихини, қандай шароитда ҳалокатга учраганини ва унинг бортидаги юкларни батафсил ўрганишга ҳаракат қилмоқда.
Ўрта Ер денгизида бундай кемалар яна бор
Мутахассисларнинг фикрича, Ўрта Ер денгизи тубида қадимги даврларга тегишли шунга ўхшаш кўплаб кема қолдиқлари сочилиб ётиши мумкин.
2023 йилда Рим шаҳрининг шимоли-ғарбий қисмида милоддан аввалги I ёки II асрларга мансуб яна бир кема топилган эди. Унинг бортида ҳам юзлаб амфоралар мавжуд бўлган.
2018 йилда эса Болгария соҳиллари яқинида 2400 йилдан ортиқ тарихга эга юнон савдо кемаси аниқланган. Кема денгиз тубида ёнбошлаган ҳолда деярли бутунлигича сақланиб қолгани сабабли ўша вақтда у дунёдаги энг қадимий маълум бўлган яхлит кема ҳалокати сифатида баҳоланган эди.
Сицилия соҳилларидан топилган янги кема эса қадимги Рим даврида Ўрта Ер денгизида савдо ва денгиз қатнови қандай кечганини янада чуқурроқ ўрганиш учун муҳим манба бўлиши кутилмоқда.






























Изоҳлар 0
…