Индонезияда «Супермен» либосидаги ўт ўчирувчи машҳур бўлди

Индонезиянинг Борнео оролида 17 ёшли Рудиянсаҳ ўрмон ва ер ёнғинларини ўчиришда «Супермен» либосида иштирок этиб, ижтимоий тармоқларда машҳур бўлди. Унинг ёнғинларга қарши курашдаги ҳаракатлари миллионлаб марта томоша қилинган. Бу ҳақда The Washington Post ва AFP хабар берди.
Рудиянсаҳ Марказий Калимантан провинциясидаги Палангкарайя шаҳри яқинида яшайди. У отаси Муляди ташкил қилган кўнгилли ўт ўчирувчилар гуруҳига қўшилиб, 2023 йилдан бери дарсдан кейин ёнғинларни бартараф этишда ёрдам бериб келмоқда.
Бу йил эса ўсмир ёнғинларга ўзининг севимли қаҳрамони — «Супермен» либосида чиқишга қарор қилган. Унинг ёнғин ўчириш шланги билан аланга ва тутунга қарши курашаётган видеолари ижтимоий тармоқларда тез тарқалган. Рудиянсаҳнинг ўзи костюмни кийишини асосан завқ учун эканини айтган.
Ўсмирнинг жасорати Индонезия Ўрмон хўжалиги вазири Ража Жули Антонининг ҳам эътиборини тортган. Вазир уни «ўрмон қаҳрамони» деб атаган ва Рудиянсаҳ келажакда ўрмон қўриқчиси бўлиши мумкинлигини билдирган.
Рудиянсаҳ маҳаллий аҳолига ёрдам бераётганидан хурсанд эканини айтган. У келажакда ўрмон қўриқчиси бўлишни орзу қилади ва Индонезиядаги бошқа кўнгиллилар ҳамда ўт ўчирувчиларни ёнғинларга қарши курашни давом эттиришга чақирган.
Унинг отасига кўра, 2020 йилда кўнгиллилар гуруҳи ташкил этилганидан бери бу йилги ёнғин мавсуми энг оғир кечмоқда. Узоқ давом этган қурғоқчилик туфайли қудуқлар ва ёнғинларни ўчиришда фойдаланиладиган бошқа сув манбалари қуриб қолган.
Индонезияда ёнғинлар билан боғлиқ вазият ҳам жиддийлашган. Ҳукумат маълумотларига кўра, 2026 йил январь–июль ойларида ёнғинлар 200 минг гектардан ортиқ ерни қамраб олган. Бу майдон Жакарта шаҳри ҳудудидан қарийб уч баравар катта. Ёнғинлар оқибатида ҳосил бўлган тутун Борнеонинг Индонезия, Малайзия ва Бруней ўртасида бўлинган қисмларига тарқалган.






























Изоҳлар 0
…