Дубай шайхидан қочган малика Ҳайя бинту ал-Ҳусайн ҳозир қаерда яшамоқда?

Дубай шайхидан қочган малика Ҳайя бинту ал-Ҳусайн ҳозир қаерда яшамоқда?

Одатда малика деганда ҳашамат, бойлик ва фаровон ҳаёт кўз олдимизга келади. Айниқса, унинг севган шаҳзодаси билан бахтли турмуш кечираётганини тасаввур қиламиз. Аммо Дубай ҳукмдори шайх Муҳаммад бин Рашид ал-Мактумдан қочиб кетган малика Ҳайя бинту ал-Ҳусайннинг тақдири бундай тасаввурлардан анча фарқ қилади. Унинг қочишига нима сабаб бўлгани ва шундан кейин ҳаёти қандай кечгани кўпчиликда қизиқиш уйғотади.

Ҳайя Дубай шайхидан қочиб кетгани билан боғлиқ можаро ортидан кенг жамоатчиликка танилган. У турмушга чиқишидан аввал ҳам жуда фаол ҳаёт кечирган. Малика Оксфордни тамомлаган, бир нечта тилни ўрганган ва Олимпия ўйинларида от спорти бўйича иштирок этган биринчи араб аёл бўлган. Ана шу мусобақалардан бирида у бўлажак турмуш ўртоғи — Дубай шайхи Муҳаммад билан танишган.

Кўп ўтмай улар турмуш қурган. Бироқ никоҳдаги муносабатлар вақт ўтиши билан турли келишмовчиликларга бой бўлган. Ҳайя Иорданиянинг амалдаги қироличаси Рания сингари Ғарб анъаналари асосида тарбиялангани сабабли фаол оммавий ҳаётини давом эттиришни истаган. Аммо шайхнинг оиласи бунга қарши бўлган.

Шундан кейин Ҳайя асосан хайрия ишлари ва ижтимоий лойиҳаларда фаол қатнашган. Бироқ унинг жамоатчиликдаги фаоллиги ҳам жуфтлик ўртасидаги келишмовчиликларни янада кучайтирган.

BMT bayrog‘i oldida ma'ruza qilayotgan malika Haya bint al-Husayn.

Натижада 2019 йилда малика Дубайни 11 ёшли қизи ва 7 ёшли ўғли билан тарк этган. Айрим манбаларда у қироллик оиласидан 35 миллион евро олиб чиқиб кетгани ҳақида даъволар ҳам илгари сурилган.

Ҳайя дастлаб Германияга йўл олган. Шайх Муҳаммад уни қайтариш мақсадида Германия судига мурожаат қилиб, болаларни ўз қарамоғига беришни талаб қилган. Бироқ Германия бу талабни қатъий рад этган.

Кейинчалик малика Буюк Британияга кўчиб келган. Ҳозирда Ҳайя Лондон шаҳрида жамоатчилик эътиборидан анча йироқда, 18 ёшли қизи ва 13 ёшли ўғли билан тинч ҳаёт кечираётгани айтилмоқда.

Шундай қилиб, бир вақтлар Дубай қироллик оиласининг аъзоси бўлган малика Ҳайя бугун шов-шувли ҳаётдан узоқроқ яшашни танлаган. Унинг тақдири эса қироллик саройлари ортидаги ҳаёт ҳам ҳар доим ҳам ҳашамат ва хотиржамликдан иборат эмаслигини кўрсатувчи воқеалардан бири бўлиб қолмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар