Машинани тош билан урган эркак 151 минг тенге жаримага тортилди

Қозоғистоннинг Атирау вилоятида эркак бошқа шахсга тегишли йўлтанламас автомобилининг ойналарини тош билан синдириб, суд олдида жавоб берди. Унга 151 375 тенге миқдорида жарима тайинланди. Бу ҳақда Nur.kz хабар берди.
Атирау вилояти судларининг расмий Telegram-каналида маълум қилинишича, Жилиой туман судида Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекснинг 147-1-моддаси 1-қисми бўйича иш кўриб чиқилган.
Судда аниқланишича, эркак Қулсари шаҳрининг 8-участкасида жойлашган МЧЖ базаси ҳудудида бўлган вақтида корхонага тегишли Toyota Fortuner автомобилига тош отган. Оқибатда машинанинг ҳайдовчи томонидаги чап ойнаси ва олд ойнаси синган.
Суд мажлисида ҳуқуқбузар ўз айбини тўлиқ тан олиб, қилган ишидан пушаймонлигини билдирган.
Унинг айби судда ўрганилган баённома, суд мажлиси иштирокчиларининг тушунтиришлари, фотосуратлар ҳамда ишга оид бошқа материаллар билан тасдиқланган.
Жазо тайинлашда суд эркакнинг айбини тан олгани ва қилган ишидан пушаймонлигини маъмурий жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида инобатга олган. Оғирлаштирувчи ҳолатлар эса аниқланмаган.
Суд қарорига кўра, эркак Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекснинг 147-1-моддаси 1-қисми бўйича айбдор деб топилиб, унга 151 375 тенге миқдорида жарима тайинланган.
Суд қарори қонуний кучга кирган.






























Изоҳлар 0
…