Колумбия соҳилида 6 метрлик улкан кит акуласи нобуд бўлди

Колумбия соҳилида 6 метрлик улкан кит акуласи нобуд бўлди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Колумбиянинг Тинч океани соҳилида 6 метрлик улкан кит акуласи Набуга ҳудудида ҳаракациз ҳолда топилган.
  • Маҳаллий аҳоли жониворни сувга қайтаришга уринган бўлса-да, қайиқ моторлари етарлича кучли бўлмаган.
  • Кодечоко ташкилоти ҳодиса юзасидан протоколни ишга тушириб, мутахассислар томонидан олинган намуналар асосида ўлим сабабларини аниқлашга киришди, чунки сентябр охирида соҳилга чиқиб қолиши ушбу тур учун одатий миграция мавсумига тўғри келмаган.

Колумбиянинг Тинч океани соҳилида узунлиги қарийб 20 фут, яъни 6 метрга тенг бўлган улкан кит акуласи соҳилга чиқиб қолганидан кейин нобуд бўлди.

Дунёнинг энг йирик балиғи ҳисобланган кит акуласи (Rhincodon typus) 30 сентябрь, чоршанба куни эрталаб Набуга ҳудудидаги олис соҳилда қум устида ҳаракатсиз ҳолда топилган. Узунлиги кичик қайиқникига тенг бўлган улкан жонивор топилган пайтда ҳали тирик эди.

Маҳаллий аҳоли акулага ёрдам беришга ҳаракат қилган. Қишлоқ аҳолиси унинг танасига денгиз сувини қуйган ва қайиқлар ёрдамида акула тушиб қолган қумлоқ ҳудуддан уни яна сувга тортиб чиқаришга уринган. Бироқ қайиқларнинг ташқи моторлари улкан жониворни силжитиш учун етарлича кучли бўлмаган.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ходимлари Набуга соҳилига етиб келганида эса кит акуласи аллақачон нобуд бўлган эди.

Колумбиянинг шимолий Тинч океани ҳудудидаги минтақавий экологик ташкилот — Codechocó ҳодиса юзасидан денгиздаги чалкашиб қолган ёки соҳилга чиқиб кетган ёввойи жониворлар учун белгиланган махсус протоколни зудлик билан ишга туширди.

Ҳодиса жойига соҳил қўриқлаш хизмати бўлинмалари, маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳамда экологик ташкилотлар жалб қилинди. Бироқ телефон алоқасининг яхши ишламаслиги, ҳудуднинг мураккаблиги ва шаҳарчадан қайиқда тахминан бир ярим соат йўл босиш зарурати қутқарув ишларини кечиктирган.

Codechocó директори ўринбосари Кари Санчес Минотанинг маълум қилишича, мутахассислар соҳилга етиб келган вақтда жонивор аллақачон нобуд бўлган ва унинг жасадини белгиланган тартибда йўқ қилиш жараёни дарҳол бошланган.

Кейинроқ мутахассис денгиз жониворидан махсус намуналар олинганини маълум қилди. Бунга кит акуласининг соҳилга чиқиб қолган вақти ушбу тур учун одатий миграция мавсумига мос келмаслиги сабаб бўлган.

«Бу тур учун ҳозир миграция мавсуми эмас. Шунинг учун ушбу жониворнинг ўлимига нима сабаб бўлганини аниқлашимиз керак», — деди Санчес Минота.

Текширувлар давомида акула танасида кўринаётган жароҳатлар, турли касалликлар, балиқ овлаш ускуналарига илиниб қолиш ёки денгиздаги оғир табиий шароитлар унинг ўлимига сабаб бўлган-бўлмагани ўрганилади.

Sohilga chiqib qolgan ulkan kit akulasi atrofida odamlar to‘plangan.

Codechocó баёнотида ҳам намуналар олиниши муҳим экани таъкидланган. Чунки кит акуласининг соҳилга чиқиб қолиши мазкур ҳудуд учун одатий ҳисобланган мавсумга тўғри келмаган.

Одатда кит акулалари баҳор фаслида Колумбиянинг ушбу соҳилларига планктон ва майда балиқлар билан озиқланиш учун келади. Очиқ денгизда уларни бошқа фаслларда ҳам учратиш мумкин. Бироқ сентябрь ойининг охирида соҳилга жуда яқин ҳудудда бундай жониворнинг топилиши ноодатий ҳолат ҳисобланади.

Ҳодиса жойида тасвирга олинган ва ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода маҳаллий аҳоли вакили ҳам хавотирини билдирган. Унинг айтишича, Набуга аҳолиси соҳилга чиқиб қолган улкан кит акуласини қандай олиб чиқишни билмай, ҳокимиятдан ёрдам сўраган.

Маҳаллий аҳоли жониворни кўчиришга уринган, аммо қайиқ моторлари етарлича кучли бўлмаган. Шу боис уни соҳилдан олиб чиқиш учун каттароқ мотор кераклиги айтилган.

Need To Know хабар беришича, масъул органлар жонивор жасадини йўқ қилиш ишларини ҳам бошлаган. Бу орқали аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳит учун юзага келиши мумкин бўлган санитария ҳамда ифлосланиш хавфларини камайтириш кўзланган.

Санчес Минота маҳаллий аҳолига соҳилга чиқиб қолган денгиз жониворларига қўл билан тегмасликни тавсия қилди. Унинг таъкидлашича, денгиз ҳайвонлари инсон саломатлигига таъсир қилиши мумкин бўлган паразитларни олиб юриши эҳтимоли бор.

Айни пайтда мутахассислар кит акуласининг нима сабабдан соҳилга чиқиб қолгани ва унинг ўлимига қандай омиллар таъсир қилганини аниқлаш устида иш олиб бормоқда.

Кит акулалари фильтр орқали озиқланадиган денгиз жониворлари бўлиб, Ер юзидаги энг йирик балиқ ҳисобланади. Вояга етган кит акулаларининг узунлиги 12–20 метрга, оғирлиги эса тахминан 20 тоннага етиши мумкин.

Ушбу тур Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN) томонидан йўқолиб кетиш хавфи остидаги турлар рўйхатига киритилган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар