Дональд Трамп Россиядаги ўлат хавфи бўйича ёрдам таклиф қилди

АҚШ Президенти Дональд Трамп Россиянинг Иркутск вилоятида ўлат касаллиги тарқалган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди. У Россияга ушбу вазият юзасидан ёрдам таклиф қилган. Бу ҳақда CNBC хабар берди.
5-октябрь куни Оқ уйда журналистлар билан суҳбатлашган Трамп Иркутскдаги ўлатни ўрганиш билан шуғулланувчи илмий-тадқиқот институти ходимининг вафот этгани ҳақидаги маълумотлардан сўнг Россияга ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирган.
Трамп мазкур ҳолатни Россия расмийлари билан муҳокама қилмаганини айтган. Шу билан бирга, у ўлатни жиддий касаллик деб атаб, айрим микроблар тобора кучайиб бораётганини таъкидлаган.
АҚШ Давлат департаменти эса вазият Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари ҳамда бошқа идоралар билан ҳамкорликда кузатилаётганини маълум қилди. Идора ҳозирча кўплаб тафсилотлар тасдиқланмаганини қайд этди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам вафот этган ходимнинг ўлимига айнан нима сабаб бўлгани ҳозирча тасдиқланмаганини билдирди. Ташкилот мавжуд маълумотларга кўра, аҳоли учун хавф даражасини паст деб баҳоламоқда.
Аввалроқ Россия расмийлари 29-сентябрь куни Иркутскдаги ўлатга қарши курашиш институти ходимаси оғир пневмония аломатлари билан шифохонага ётқизилгани ва 1-октабрдан 2-октабрга ўтар кечаси вафот этганини маълум қилган эди.































Изоҳлар 0
…