81 ёшли балиқчи айиқ ҳужумида жонини сақлаб қолди

81 ёшли балиқчи айиқ ҳужумида жонини сақлаб қолди

Россиянинг Иркутск вилоятида 81 ёшли балиқчи айиқ ҳужумига учраб, йиртқич билан курашиб тирик қолди. Ҳодиса кекса эркак қайиғидан юкларни тушираётган пайтда содир бўлган.

«РИА Новости» хабар беришича, воқеа Киренга дарёсининг олис ҳудудида, Чинонга қишлоғи яқинида рўй берган. Айиқ қирғоққа келиб, қайиғини боғлаб юкларини тушираётган балиқчига ташланган.

Шунга қарамай, 81 ёшли эркак ҳайвонга қаршилик кўрсатиб, қайиғига чиқишга улгурган. У сўнг дарё бўйлаб сузиб, хавфли ҳудудни тарк этган. Ҳужум оқибатида унинг қўллари ва танасида жароҳатлар аниқланган.

Маълумотларга кўра, август ойидан бери ўрмонларда айиқларнинг аҳоли яшаш ҳудудларига яқинлашиши кўпайган. Озиқ-овқат танқислиги сабабли йиртқичлар егулик излаб, одамлар яшайдиган жойларга чиқмоқда.

Иркутск вилоятида бу йил айиқлар билан боғлиқ ҳодисалар оқибатида беш киши ҳалок бўлган. Жумладан, Киренск туманида ўрмон меваларини тераётган уч киши айиқлар ҳужуми қурбони бўлган.

Уст-Илимск туманида ҳам айиққа дуч келган овчи ҳалок бўлган. Казачинско-Ленский туманида эса айиқ вагон ичидаги ишчига ҳужум қилган ва эркак оғир жароҳатлар оқибатида вафот этган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар