Биолог испан шиллиққуртига қарши курашда нима ёрдам бера олишини айтди

Ҳосилга жиддий зарар етказадиган испан шиллиққуртининг табиий душманларидан бири — қорин оёқли моллюскалар гуруҳига кирувчи леопард шиллиққурти. Бу ҳақда биолог Дмитрий Сафонов РИА Новостига маълум қилди.
Мутахассиснинг таъкидлашича, леопард шиллиққуртлари апрель–май ойларида қишки уйқудан чиқиб, кўпайиш ва ўсиш даврини бошлайди. Ёзда ҳаво иссиқ ва қуруқ бўлганда уларнинг фаоллиги пасаяди. Тахминан август ойидан эса асосий фаоллик даври бошланиб, об-ҳавога қараб октябргача давом этиши мумкин.
«Леопард шиллиққурти, аввало, йиртқич ҳисобланади. У испан шиллиққуртларининг ўзини ҳам, тухумларини ҳам ейди. Шунинг учун агар томорқада леопард шиллиққуртлари бўлса, улар сиз учун энг яхши табиий иттифоқчи», — деди Сафонов.
Биологнинг фикрича, леопард шиллиққуртларидан махсус равишда халос бўлиш шарт эмас. Томорқада умумий санитария қоидаларига риоя қилиш ва уларнинг сонини назорат қилишнинг ўзи етарли.

Мутахассис испан шиллиққуртининг қуюқ ва ёпишқоқ шилими туфайли кўплаб ҳашаротхўр қушлар уни ейишдан қочишини ҳам қайд этди. Айрим сутэмизувчилар уни истеъмол қилишга уриниши мумкин, аммо оғзи шиллиқ модда билан қопланиб қолгани учун кейин яна ейишни истамайди.
«Типратикан уни ейиши мумкин. Аммо иккинчи марта уни аниқ емайди, чунки типратиканнинг оғиз бўшлиғи ёпишқоқ шиллиқ модда билан тўлиб қолади. Уни тозалаш учун тахминан 30 дақиқадан бир соатгача вақт керак бўлади», — деди у.
Шиллиққуртларнинг бошқа табиий душманлари қаторига бақалар, қурбақалар, сув илонлари, шунингдек, турли паразитлар ва микроскопик чувалчанглар — нематодалар ҳам киради.






























Изоҳлар 0
…