Австралиялик олимлар кўкрак саратони ривожланишини секинлаштирувчи молекулани аниқлади

Австралиялик олимлар кўкрак саратони ривожланишини секинлаштирувчи молекулани аниқлади

Австралиялик олимлар кўкрак саратонининг энг тажовузкор турларидан бири — уч карра манфий кўкрак саратонида метастазлар ҳосил бўлишини секинлаштирувчи miR-342 молекуласини аниқлади. Бу ҳақда тадқиқотнинг катта ҳаммуаллифи, Аделаида университети доценти Филип Грегори РИА Новостига маълум қилди.

«Тадқиқотимиз шуни кўрсатдики, уч карра манфий кўкрак саратони ҳужайраларида miR-342 молекуласи даражаси паст бўлса, улар хавфли метастазларга тезроқ айланиши мумкин», — деди олим.

Тадқиқотчилар miR-342 даражасини тиклаш ўсманинг ўпка, жигар ва бошқа аъзоларга тарқалишини сезиларли даражада секинлаштиришини аниқлади.

Шунингдек, молекула даражаси паст бўлган ва ўсма ҳужайралари организмга тарқалиб улгурган ҳолатларда олимлар кўкрак саратонининг бошқа турларида қўлланадиган палбоциклиб препаратини синаб кўрди.Натижада препарат метастазлар тарқалган жойларда ўсма ҳужайраларининг кўпайишини сезиларли даражада секинлаштирган.

Грегорининг таъкидлашича, палбоциклиб нега бундай самара берганининг аниқ сабаби ҳозирча маълум эмас. Олимлардан бири эҳтимолий сабаб сифатида метастазлар пайдо бўладиган муҳит ўсманинг дастлабки жойига нисбатан саратон ҳужайраларининг кўпайиши учун камроқ қулай бўлишини қайд этди. Бу эса ҳужайралар бўлинишини тўсишни янада самарали қилиши мумкин.

Шу билан бирга, олимлар ҳозирча бундай даволаш қанча нафар беморга мос келишини аниқ айта олмайди. Тадқиқотчилар miR-342 қайси даражада бўлганда уч карра манфий кўкрак саратони палбоциклиб каби препаратларга сезгир бўлишини ҳали аниқлаши керак.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар