Эҳром тошларидан 45 миллион йиллик тимсоҳнинг янги тури топилди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Мисрдаги эҳром тошларидан топилган қолдиқлар ўрганилиб, тахминан 45 миллион йил аввал яшаган Ҳеругавиалис каиренсис номли тимсоҳнинг янги тури аниқланди.
- Бу турга тегишли деярли тўлиқ бош суяги 1920-йилларда топилган бўлиб, унинг тумшуғи уч қисми йўқлиги Буюк Сфинксни эслатгани учун шундай номланган.
Олимлар Мисрдаги Буюк Сфинкс ва Гиза эҳромларини қуришда ишлатилган оҳактош қатламидан топилган қадимий қолдиқларни қайта ўрганиб, тахминан 45 миллион йил аввал яшаган тимсоҳнинг янги турини аниқлади. Унга Herugavialis cairensis номи берилган. Бу ҳақда “Royal Society Open Science” журналида чоп этилган тадқиқотда маълум қилинди.
Янги турга тегишли қазилма қолдиқлар Миср шимолидаги Мокаттам қатламидан топилган. Тахминан 45 миллион йил аввал бу ҳудуд саёз денгиз бўлган. Шу боис бу ерда балиқлар, акулалар ва дастлабки китлар каби қадимги денгиз ҳайвонларининг кўплаб қолдиқлари сақланиб қолган.
Мокаттам оҳактоши кейинчалик қадимги мисрликлар томонидан Буюк Сфинкс ва Гиза эҳромларини қуришда ишлатилган.
Тадқиқотчилар ўрганган асосий топилмалардан бири деярли тўлиқ тимсоҳ бош суяги бўлиб, у 1920 йилларда топилган. Қизиғи, унинг тумшуғи уч қисми йўқ. Бу жиҳат бурни йўқолган Буюк Сфинксни эслатгани учун янги уруққа қадимги Миср худоларидан бири Хорус номи билан боғлиқ Herugavialis номи берилган.
Қолдиқлар дастлаб, 1927 йилда, ҳозирги сохта гавиалга ўхшашлиги сабабли Tomistoma cairense деб таснифланган. Бироқ янги тадқиқотда олимлар қазилмани эволюцион таҳлил ва компьютер томографияси ёрдамида қайта текшириб, унинг Tomistoma уруғига мансуб эмаслигини аниқлади.
“Herugavialis cairensis — 66 миллион йилдан 23 миллион йил аввалгача бўлган даврда Ўрта Ер денгизида яшаган гавиалларнинг олтинчи тури. Биз ҳали билмайдиган бошқа турлар ҳам бўлиши мумкин”, — деган тадқиқот муаллифларидан бири, палеонтолог Пол Берк.

Herugavialis узун ва ингичка тумшуqqa ҳамда балиқ тутишга мослашган ўткир тишларга эга бўлган. Олимлар уни Мокаттам ҳудудидаги балиқлар билан озиқланган, деб ҳисоблайди. Кўзлари ҳозирги ҳинд гавиали каби бош суягидан бироз бўртиб турган бўлиши мумкин. Бу эса унинг ярим сувда яшайдиган йиртқич бўлганини кўрсатади.
Ҳозирги кунда гавиалларнинг атиги икки тури мавжуд: Ҳиндистон яриморолида яшайдиган ҳинд гавиали ва Жануби-Шарқий Осиёда учрайдиган сохта гавиал. Қадимги гавиаллар қолдиқлари эса Буюк Британия, Швеция, Италия, Миср ва Япония каби давлатлардан ҳам топилган.
Олимлар Буюк Сфинкс ва Гиза эҳромлари таркибидаги тошларда бошқа қадимий жонзотларнинг қолдиқлари ҳам бўлиши мумкинлигини истисно этмаяпти. Мокаттам қатламидан топилган қазилмалар эса қадимги Миср ҳудудида миллионлаб йиллар аввал мавжуд бўлган бой денгиз экотизими ҳақида муҳим маълумот беради.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, қарийб бир аср аввал топилган қазилманинг замонавий усуллар ёрдамида қайта ўрганилиши музейлардаги эски коллекцияларни яна бир бор текшириш муҳимлигини кўрсатади.






























Изоҳлар 0
…