Японияда ухлаб, 14 минг доллар ютиб олди

Японияда шунчаки ухлаб, 2,22 миллион иена — қарийб 14 минг доллар мукофот ютиб олиш мумкин бўлган ноодатий мусобақа ўтказилди.
5 октябрь куни Токиода ташкил этилган “Matt Race by Koala” мусобақасида иштирокчилар 90 дақиқа давомида ухлаш орқали ўзаро беллашди. Улар махсус уйқуни кузатувчи қурилмалар билан жиҳозланиб, матрасларда ётган ҳолда дам олди.
Ғолибни аниқлашда фақат ким биринчи ухлаб қолгани эмас, балки уйқунинг чуқурлиги ва сифати, ухлаб қолиш тезлиги ҳамда уйқунинг барқарорлиги ҳисобга олинди. Беллашувда учта босқич ташкил этилиб, ҳар бирида қарийб 20 нафардан иштирокчи қатнашди.
Мусобақада Suimii тахаллуси билан қатнашган иштирокчи энг юқори натижани қайд этиб, бош совринни қўлга киритди. У мукофот пулини кўчиш харажатларига сарфлашини, шунингдек, янги, “малика ётоғи”га ўхшаш каравот сотиб олишни режалаштираётганини айтди.
Бироқ мусобақанинг мақсади шунчаки пул тарқатиш бўлмаган. Ташкилотчилар ушбу ноодатий тадбир орқали Японияда уйқу етишмаслиги муаммосига эътибор қаратишни истаган. OECD маълумотларига кўра, 2021 йилда Япония ташкилотга аъзо 33 давлат орасида ўртача уйқу давомийлиги энг қисқа мамлакат бўлган.






























Изоҳлар 0
…