Дунё нефти хавф остида: Эрон Ҳурмуз бўғозини очишнинг ягона шартини маълум қилди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Эрон АҚШ ҳарбий кучлари минтақани тарк эца, Ҳурмуз бўғозининг тўлиқ очилишини ва минтақа давлатлари иштирокида коллектив хавфсизлик кафолатланишини шарт қилиб қўйди.
- Октябр ойида ушбу сув йўлидаги кескинлик тарихий чўққига чиқиб, қисқа муддат ичида камида 10 та савдо кемасига ҳужум уюштирилди, жумладан, 11 октябр куни бир суткада 6 та кема ҳужумга учради.
Дунёнинг энг муҳим нефть артерияси ҳисобланган Ҳурмуз бўғозидаги вазият ўзининг энг критик ва хавфли нуқтасига етди. Эрон Қуролли кучлари расмий вакили Муҳаммад Акраминиа минтақадаги кемалар қатнови ва бўғознинг очилиши бўйича Вашингтонга нисбатан очиқчасига кескин шарт қўйди.
Pars Today хабарига кўра, Теҳрон минтақадаги хавфсизлик инқирозининг асосий сабабчиси сифатида АҚШ ҳарбий кучларини кўрсатмоқда.
«АҚШ кетмаса, ўзимиз ҳайдаб чиқарамиз»: Эроннинг расмий баёноти
Муҳаммад Акраминиа ижтимоий тармоқдаги саҳифасида минтақа келажагига доир қуйидаги қатъий позицияни билдирди:
Бўғознинг очилиш шарти: «Агар АҚШ минтақани тарк этса, Ҳурмуз бўғози тўлиқ очилади, минтақа давлатлари иштирокида коллектив хавфсизлик кафолатланади ва жаҳон иқтисодиёти тикланиш учун кучли туртки олади;
Очиқ огоҳлантириш: Агар АҚШ ўз ихтиёри билан чиқиб кетмаса, биз уларни минтақадан ҳайдаб чиқарамиз», — дея таъкидлади Эрон ҳарбий қўмондонлиги вакили.
Антирекорд: Бир неча кунда 10 дан ортиқ кемага ҳужум уюштирилди
Буюк Британиянинг Денгиз савдо ташувлари бошқармаси (UKMTO) берган маълумотларга кўра, октябрь ойида сув йўлидаги кескинлик тарихий чўққига чиқди:
Рекорд даражадаги ҳужумлар: Қисқа муддат ичида камида 10 та савдо кемасига зарба берилган бўлиб, бу можаро бошланганидан буён қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир;
Бир суткада 6 та кема: Айниқса, 11 октябрь куни бир сутканинг ўзида нақ 6 та кема ҳужумга учрагани хабар қилинди;
Ёнғинлар, чўкиш ва қурбонлар: Кемаларнинг денгиз қоидаларини бузгани баҳона қилинган ушбу зарбалар оқибатида суднолар ёниб, чўкиб кетмоқда. Хусусан, «Cape Dao» юк кемасига қилинган ҳужум оқибатида Ҳиндистон фуқароси ҳалок бўлган, бир қатор танкерлар эса денгиз миналарига дуч келган.
Нима учун Ҳурмуз бўғози бутун дунё учун муҳим?
Мазкур инқирознинг кўлами глобал даражага эга:
Дунё нефтининг 20 фоизи: Ер юзида истеъмол қилинадиган жами хом нефтнинг тахминан 20 фоизи айнан шу тор бўғоз орқали танкерларда жаҳон бозорларига олиб чиқилади;
Глобал нархлар ва инфляция: Бўғознинг ёпилиши ёки ундаги тўхтовсиз ҳужумлар аллақачон жаҳон бўйлаб ёқилғи нархлари, логистика харажатлари ва глобал инфляцияга тўғридан-тўғри салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ҳурмуз бўғозидаги ҳарбий қарама-қаршилик яқин кунларда дипломатик йўл билан ҳал этилмаса, минтақада кенг кўламли янги уруш ўчоғи юзага келиши мумкин.































Изоҳлар 0
…