13:55 / 25.05.2018
2 677

АҚШ ва Шимолий Корея етакчилари учрашуви нега бекор қилинди?

АҚШ ва Шимолий Корея етакчилари учрашуви нега бекор қилинди?
Фото:«Foreign Policy In Focus»
АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ уйда берган баёнотида Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан шу йил 12 июнь куни Сингапурда бўлиб ўтиши кутилаётган учрашув нима сабабдан бекор қилинганини айтиб ўтди. Бу ҳақда «Sabah»га таяниб Хабар нашри маълум қилмоқда.

«Сингапурда ўтказилиши режалаштирилган учрашувни бекор қилдим. Бу ҳам Шимолий Корея, ҳам дунё учун ортга чекиниш эканини биламан», ­— деган АҚШ раҳбари.

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг эзгулик сари қадам босишини кутаётганини яширмаган Трамп: «Шимол ҳамда жануб билан биргаликда барча кореяликлар тинчлик-осойишталик, ҳузур-ҳаловатда яшашга ҳақли. Бунинг учун, аввало, ядровий қуроллардан воз кечиш керак. Агар Ким Чен Ин конструктив мулоқот ўтказиш тарафдори бўлса, мен ҳар доим бунга тайёрман. Акс ҳолда унга қарши санкцияларни янада кучайтирамиз»­, — деди.

«Сингапур учрашувининг бекор бўлиши умидларнинг сўнишини англатмайди. Балки бошқа пайтда Ким Чен Ин билан учрашишимиз мумкин. Умид қиламанки, ҳаммаси яхшиликка ўзгаради», — дея сўзида давом этган Трамп.

Шунингдек, АҚШ президенти ўз баёнотида Шимолий Корея билан вазият ўнгланмаса, АҚШ, Жанубий Корея ва Япониянинг қўшинлари шайлигини таъкидлаган.

«Лекин, ­— деди Дональд Трамп — бугун ҳамма нарсани тинч йўл билан ҳал этиш мумкин. Аксинча бўлса, биз ҳар доимгидан ҳам кўра тайёрроқмиз».

Америка президентининг расмий Пхенянни огоҳлантириш тарзида айтган «тайёрроқмиз» сўзидан музокаралар ўтказишми ёки Шимолий Кореяга санкциялар қўллашми ёхуд Жанубий Корея ҳамда Япония билан биргаликда ҳарбий тайёргарлиги назарда тутилганми — буёғи бизга қоронғу.

Нима бўлган тақдирда ҳам, томонлар муросаю мадора йўлини танлаши барча, айниқса, Шимолий ва Жанубий Корея, қолаверса, уммонорти давлатининг ўзи учун ҳам ҳар томонлама фойдали бўларди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)