
Венесуэла мухолифати раҳбари Хуан Гуайдо амалдаги президент Николас Мадурони ҳукуматдан ағдариш режаси - «Озодлик» операциясининг «якуний босқичи» бошлангани ҳақида маълум қилди. У Венесуэла аҳолиси ва ҳарбийларни амалдаги режимнинг «узурпация»сига чек қўйишда ўзини қўллаб-қувватлашга чақирган.
Твиттерда эълон қилинган видеода Гуайдонинг ёнида ҳарбий либосдаги шахслар ва мухолифатнинг шу вақтга қадар уй қамоғида бўлган етакчиси Леопольдо Лопес турганини кўриш мумкин. Associated Press маълумотига кўра, исён кўтарган ҳарбийлар сиёсатчини қамоқдан озод қилишган.
Гуайдонинг сўзларига кўра, видео Каракасдаги Ла-Карлота авиабазасида тасвирга олинган.
«Давлат қуролли кучлари тўғри қарор қабул қилишди, улар Венесуэла халқининг қўллаб-қувватловига таянади», деган Гуайдо.
En el marco de nuestra constitución. Y por el cese definitivo de la usurpación. https://t.co/3RD2bnQhxt
— Juan Guaidó (@jguaido) April 30, 2019
У қолган ҳарбийларни ҳам 1 май куни кўчаларга чиқишга чорлаган.
«Мен барча ҳарбийлар ва уларнинг оилалари зудлик билан кўчага чиқишга чақираман. Конституциямиз доирасида мамлакатимиздаги зўравонликка узил-кесил барҳам беришимиз шарт», деган у.
Венесуэла ахборот вазири Хорхе Родригес эса твиттерда ҳукумат ҳарбий тўнтариш амалга оширишга уринган «хоин ҳарбийлар»нинг кичик гуруҳига тўқнашгани ҳақида маълумот ёзиб қолдирган.
Венесуэладаги вазият 23 январь куни кескин тус олди, ўшанда Гуайдо оммавий акциялар фонида ўзини вақтинча президент деб эълон қилганди. Уни АҚШ, Лотин Америкаси давлатлари ва Европа Иттифоқи аъзолари тан олган.
Мамлакатнинг амалдаги раҳбари Николас Мадуро бу воқеани давлат тўнтаришига уриниш деб атади. Россия, Хитой, Туркия ва яна бир неча давлатлар Мадурони қонуний президент деб ҳисоблашда давом этмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар