16:01 / 22.02.2020
2 866

Сандерс Путинга АҚШдаги сайловлардан «узоқроқ туришни» маслаҳат берди

Сандерс Путинга АҚШдаги сайловлардан «узоқроқ туришни» маслаҳат берди
Берни Сандерс ва Владимир Путин / Фото: AFP/Getty Images
Демократик партиядан сайловларда иштирок этиш ниятида бўлган вермонтлик сенатор Берни Сандерс The Washington Post’нинг Россия президентлик кампаниясига аралашишга ва унга ёрдам беришга ҳаракат қилаётгани тўғрисидаги мақоласига изоҳ берди.

«Ростини айтсам, Путин кимни президент сифатида кўришни истаётгани менга аҳамиятсиз, - дея маълум қилди у газетага. - Менинг Путинга мурожаатим: Америкадаги сайловлардан узоқроқ туринг ва мен президент сифатида бу ҳақда тегишли чоралар кўраман».

Сандерснинг сўзларига кўра, Россия 2016 йилда интернетдаги тарғибот ёрдамида АҚШда «парчаланиш келтириб чиқаришга» уринди ҳамда ҳозир ҳам худди шу нарса содир бўлмоқда.

Нашрнинг вазиятдан хабардор манбаларга таянган ҳолда ёзишича, сенатор Россиянинг Сандерсга ёрдам бериш ҳаракатлари ҳақида америкалик амалдорлардан билиб қолган. Бу ҳақда амалдаги давлат раҳбари Дональд Трамп ва АҚШ қонунчиларига ҳам маълумот берилган. «Россиянинг ёрдами» айнан нимани англатиши номаълум, дея ёзади газета.

Reuters хабарига кўра, конгрессдаги манба разведка ходимлари АҚШ расмийларини Сандерс ва Трамп кампанияларини кучайтиришга қаратилган Россиянинг эҳтимолий ҳаракатлари ҳақида огоҳлантирган. Шу билан бирга, суҳбатдошнинг огоҳлантиришича, бу дастлабки хулосадир.

Facebook’нинг агентликка маълум қилишича, Сандерснинг кампаниясига «Россия ёрдами» ҳақида бирон бир далилни кўришмаган. Кейинчалик компания ўз изоҳини ўзгартириб, Москва сенаторни қўллаб-қувватлаётганига оид далилларга эга экани ёки улар йўқлиги ҳақидаги масалага аниқлик киритишни истамади, дея хабар берди Reuters.

WP’нинг таъкидлашича, 19 февраль куни бўлиб ўтган Демократик партиядан президентликка номзодлар илгари суриш бўйича даъвогарлар дебати давомида Сандерс кибержиноятчилар демократлар ўртасида келишмовчилик келтириб чиқариш мақсадида ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга уринаётгани ҳақида маълум қилди. «Барчамиз 2016 йилни яхши эслаймиз... ва руслар ҳамда бошқалар сайловларга аралашишга ва бизни бўлиб ташлашга ҳаракат қилгани ёдимизда», - деди у ўшанда.

Россия бўлажак сайловларга аралаша бошлаганлиги ҳақида аввалроқ The New York Times ёзганди. Газета маълумотларига кўра, АҚШ разведка хизматлари вакиллар палатасини Москва Трампнинг қайта сайланишига эришиш ниятида экани ҳақида огоҳлантирган. Разведка идоралари фикрича, Россия тўғридан-тўғри ёлғон хабар тарқатиш кампаниясини олиб бормаяпти, аммо «америкаликларнинг ўзини уларни тарқатишга мажбурламоқда». Бу айнан қандай содир бўлаётганига аниқлик киритилмаган.

Кремль NYT мақоласини ҳақиқатга ҳеч қандай алоқаси йўқ бўлган «параноид хабарлар» деб атади. Трампнинг ўзи ёрдам бериш бўйича айблов - бу демократларнинг сайловчиларни чалғитишга уриниши экани ҳақида маълум қилди.

Россиянинг 2016 йилги Америка сайловларига эҳтимолий аралашуви бўйича суриштирув АҚШда уч йил давомида ўтказилди. Ўтган йили АҚШ Адлия вазирлиги махсус прокурор Роберт Мюллернинг ҳисоботини эълон қилди, унда Трампнинг сайловолди штаби Москва билан тил бириктирмагани, аммо Россия барибир сайловларга аралашишга урингани айтилган. Россия ҳукумати ҳар икки баёнотни ҳам рад этди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Сандерс Путинга АҚШдаги сайловлардан «узоқроқ туришни» маслаҳат берди