20:00 / 12.06.2020
5 201

АҚШ Россияга нисбатан мисли кўрилмаган айблов илгари сурди

АҚШ Россияга нисбатан мисли кўрилмаган айблов илгари сурди
Фото: Google Images
АҚШ Конгрессидаги энг йирик бирлашма – 147 нафар республикачи депутатнинг бошини қовуштирган қўмита (Republican Study Committee) Россияга қарши янада жиддий жазо чоралари қўллашни таклиф этмоқда.

Бу ҳақда қўмитанинг 120 саҳифали «АҚШ нуфузини мустаҳкамлаш ва глобал таҳдидларга қарши кураш» деб номланган ҳисоботида сўз боради.
Конгресснинг қуйи бўғини – Вакиллар палатасида тақдим этилган ҳужжат Оқ уйга юборилган.

Ҳисобот муаллифлари расмий Москвага нисбатан мисли кўрилмаган айбловни илгари сурган. АҚШ қонун ижодкорларига кўра, Россия халқаро майдонда терроризмни қўллаб-қувватлаб келмоқда ва агрессор сифатида сиёсат юритмоқда.

«Россия бутун дунёда терроризмни дастаклагани ҳолда, гўё ўзини унга қарши курашаётгандек тутмоқда. АҚШнинг Афғонистондаги қўшинлари қўмондони Россия «Толибон»га қурол-аслаҳа етказиб бераётганини маълум қилди», – дейилади ҳисоботда.

Ҳужжатда мамлакат собиқ мудофаа вазири Жеймс Мэттиснинг АҚШ учун энг асосий таҳдид бу Россиядир деган фикри келтирилган.

Қайд этилишича, сўнгги 15 йил давомида Россия Сурия, Ливия, Венесуэла, Черногория каби мамлакатларда АҚШга сезиларли даражада зарар етказди. Бундан ташқари, Россиянинг Грузияга бостириб кириши, Абхазия ва Жанубий Осетияни аннексия қилиши, Қримни тортиб олиши, Украинада уруш ҳолатини юзага келтиргани хавотирли ҳолатлар сифатида ёдга олинган. Ҳисоботда Россия махсус хизмати томонидан хорижий мамлакатларда, жумладан, Буюк Британияда кимёвий қуролни ишга солган ҳолда суиқасдлар амалга оширилганига ҳам эътибор қаратилган.

Қонун ижодкорлари расмий Москванинг Афғонистон, Сурия ва Ливиядаги сиёсатини кескин танқид қилган. Ҳужжатда АҚШ Россия билан фақат президент Владимир Путин кетганидан кейингина ҳамкорлик қилиши мумкинлигига ишора қилинган.

Расмий Вашингтон сўнгги йилларда Москвага нисбатан бир қатор санкцияларни жорий этган. Республикачи депутатлар қўмитаси эса янада кескин жазо чораларини қўллашни таклиф этган.

Бу борада энг аввало Россияни расман терроризмни қўллаб-қувватловчи давлатлар рўйхатига киритиш лозимлиги уқтирилган (Давлат департаменти ҳозирга қадар Эрон, Шимолий Корея, Сурия ҳамда Суданни ана шу қора рўйхатга тиркаган).

Республикачи депутатларга кўра, Россия нефть-газ лойиҳаларида қатнашаётган ширкатлар, шунингдек, Кремль пропагандаси тегирмонига сув қуяётган олигархлар ҳам жазога тортилиши керак. Бу борада рус компанияларини жаҳон молиявий тизимидан узиш, Россиянинг SWIFT халқаро банклараро алмашув тизимидан фойдаланишига чек қўйиш тавсия этилган.

Россиянинг терроризмни қўлловчи давлатлар рўйхатига киритилиши мамлакатга нисбатан қурол-аслаҳа, иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳам қўшимча чекловлар жорий этишга йўл очади.

Кремль Қўшма Штатлар қонун ижодкорлари ташаббусини халқаро ҳуқуққа зид деб баҳоламоқда. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков мазкур ташаббус баёнот даражасида қолиши ва амалга ошмаслигига умид билдирди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ Россияга нисбатан мисли кўрилмаган айблов илгари сурди