17:25 / 21.07.2020
1 666

«Бегоналар» – Фургал ва Россиядаги бошқа мухолиф раҳбарлар ҳақида

«Бегоналар» – Фургал ва Россиядаги бошқа мухолиф раҳбарлар ҳақида
Фото: Валерий Шарифулин/ТАСС
Сўнгги вақтларда Хабаровск Россиянинг энг кўп тилга олинаётган ҳудуди бўлиб турибди. Минглаб одамлар кўчаларни тўлдириб, ўзлари сайлаган губернатор Сергей Фургал озод этилишини талаб қилишмоқда. Аммо бу талабнинг энди фойдаси йўқдек, чунки Путин аллақачон ҳудудга янги раҳбар тайинлади. 39 ёшли Михаил Дектяров Хабаровскни вақтинча бошқариб туради. Қизиғи, у ҳам Фургал каби ЛДПР аъзоси.

Ўн кундан ошдики, Узоқ Шарқдаги Хабаровск шаҳрида намойишлар тинмаяпти. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, 18-19 июль кунларида 40-50 минг нафар намойишчи Хабаровск кўчаларида чиққан.

9 июль куни Хабаровск ўлкаси губернатори Сергей Фургал махсус хизмат ходимлари томонидан қўлга олиниб, Москвага олиб кетилганди. Фургал 2004-2005 йилларда, тадбиркорлик қилиб юрган пайтида 3 нафар тадбиркорни ўлдиришда гумон қилиняпти. У ҳибсга олиниши ортидан ўлкани намойишлар тўлқини қамраб олди.

Хабаровск Фото: Reuters
Намойишчилар Путинни ошкора ҳақорат қилиб ҳайқиришмоқда ва ундан Фургални дарҳол озод қилишни талаб этишмоқда. Намойишчилар «Фургални бизга қайтар», «Фургал бизнинг танловимиз бўлган», «Фургалдан қўлингни торт» каби шиорлар ёзилган баннерларни кўтаришган.

Хабаровск Фото: AP/ТАСС

Фото: АР/ТАСС

Фото: Дмитрий Моргулис/ТАСС
Фургалнинг ҳибсга олиниши россияликлар томонидан ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокама қилинмоқда. Аксарият россияликларнинг фикрича, Сергей Фургал мухолиф қарашлари туфайли ёлғон айбловлар билан ҳибсга олинди. Сергей Фургал Россия ҳудудларидаги мухолиф партия вакилларидан сайланган кам сонли раҳбарлардан бири ҳисобланарди.

Сергей Фургал қўлга олингач ЛДПР раҳбари Жириновский Думада қилган чиқишида Россия ҳукумати ва президентини жиддий айблаб, ҳукумат мухолифат вакилларига шу зайлда муносабатда бўлаверса, амалдаги ҳукуматга қарши инқилоб уюштириш билан таҳдид қилди.

Россияда 1 июль куни Конституцияга ўзгартириш киритиш масаласида ўтказилган референдумда Хабаровск ўлкаси аҳолиси энг паст натижалардан бирини кўрсатган. Шунингдек, Хабаровск ўлкаси думасида 35 нафар депутатдан бор йўғи иккитаси ҳукмрон партия бўлган «Единая Россия» вакили, 28 нафар депутат эса Жириновский бошчилигидаги ЛДПР вакили ҳисобланади. Фургал ҳам айнан шу партия вакили.

Бу кўрсаткичлардан ўлка аҳолиси мамлакатдаги ҳукмрон партия бўлган «Единая Россия»ни ва мамлакат раҳбари Путинни қўлламаслигини тушуниш мумкин. Қолаверса, Сергей Фургал 2018 йил ўтказилган сайловда «Единая Россия» партияси вакили ва ўша вақтда амалдаги губернатор Вячеслав Шпортни енгганди. Фургал ва Шпорт ўртасидаги рақобат 2013 йилда Хабаровск ўлка губернаторлиги учун ўтказилган сайловлардан бошланган, биринчи сафар Фургал рақибига ютқазган эди. Орадан беш йил ўтиб, гарчи Шпортни мамлакат раҳбари қўллаб турган бўлса ҳам, Фургал енгиб чиқди ва Хабаровск ўлкаси губернаторига айланди.

Бугунги кунда Россиянинг маъмурий бўлиниши шунчалик мураккабки, бу мамлакатда яшовчиларнинг аксарияти ҳам бу ҳақда унча кўп маълумотга эга эмас. Масаланинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, замонавий Россиянинг маъмурий бўлиниши собиқ иттифоқдан ажралиб чиққан бошқа республикалардаги каби СССР давридан унча катта ўзгаришларга учрамай келяпти. СССР парчаланиб кетгач, Россия мустақил бўлганидан буён унинг маъмурий бўлиниши масаласида қисман ўзгартиришлар қилинди. Баъзи бир ўлкалар областга айлантирилди, областлар эса ўлкага. Ёки қайсидир автоном ҳудуд бошқа област таркибига киритилди. Балки келажакда бошоғриқ бўлмаслиги учун шундай қилингандир. Буёғини Москвада ўтирган жаноблар кўпроқ билишади.

Бугун Россия таркибида:
22та республика;
9та ўлка;
46та област;
3та марказга бўйсунувчи шаҳар;
4та автоном округ;
1та автоном област бор.

Россия Федерациясида жами 85та федерал субъект бор.
Қуйидаги маълумотлар Россия таркибидаги субъектлар эмас, уларни бошқараётган шахслар ҳақида. Аниқроғи, субъектларни бошқараётган раҳбарларнинг сиёсий қарашлари ҳақида бўлади.

Россиянинг қайси субъектида мухолиф партия вакиллари раҳбарлик қилишини кўриб чиқсак.

1. Карелия республикаси раҳбари Артур Парфенчиков, КПРФ (коммунистик партия) аъзоси.
2. Марий Эл республикаси раҳбари Александр Евстифеев, партиясиз.
3. Хакасия республикаси раҳбари Валентин Коновалов, КПРФ аъзоси.
4. Чувашистон Республикаси раҳбари Олег Николаев, «Справедливая Россия» (собиқ губернатор Михаил Игнатьев Путинни судган берганди. Кўп ўтмай 19 июнь куни коронавирусдан ўлди).
5. Пермь ўлкаси раҳбари Дмитрий Махонин, партиясиз.
6. Хабаровск ўлкаси раҳбари Сергей Фургал, ЛДПР аъзоси (9 июль куни ҳибсга олинди).
7. Владимир области раҳбари Владимир Сипягин, ЛДПР аъзоси.
8. Курган области раҳбари Вадим Шумков, партиясиз.
9. Омск области раҳбари Александр Бурков, «Справедливая Россия» аъзоси.
10. Орловск области раҳбари Андрей Кличков, КПРФ аъзоси.
11. Смоленск области раҳбари Алексей Островский, ЛДПР аъзоси.
12. Тула области раҳбари Алексей Дюмин, партиясиз.

Россиядаги 85та федерал субеъктдан 4тасида партиясиз шахслар, бор йўғи 8тасида эса мухолиф партия вакиллари раҳбарлик қилаяпти. Қолган барча раҳбарлар ҳукмрон «Единая Россия» вакили ҳисобланади. Бу фактнинг ўзи кўп нарсага ойдинлик киритади.

Энг қизиғи, бугун раҳбарлик лавозимида ўтирганларнинг аксарияти аввалроқ бошқа партия вакили бўлган ва сўнгги 4-5 йилда «Единная Россия»га «трансфер қилинган». Улар амалидан ажраб қолмаслик ёки юқорироқ амални эгаллаш учун партиясини алмаштириб ҳукмрон партия сафига ўтган.

Михаил Дегтярев Фото: Михаил Метцель/ТАСС
Хабаровскнинг янги губернатори ҳам ЛДПР партиясидан бўлганини аввало намойишларни тинчитиш учун қилинган иш деб тушуниш мумкин. Чунки намойишчилар орасида либерал партияни қўллагани учун Фурганлни озод қилишларини талаб қилаётганлар ҳам кам эмас. Балки ҳукумат мана янги раҳбар ҳам сизнинг партиянгиздан, энди жим туринг, демоқчидир.

Дарвоқе, бу раҳбар ноодатий чиқишлари билан ёдда қолган. У хусусан Россияда долларни чеклашни ва АҚШнинг Россиядаги элчихонаси манзилини Шимолий Америка боши берк кўчаси 1-уй деб ўзгартиришни таклиф қилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Бегоналар» – Фургал ва Россиядаги бошқа мухолиф раҳбарлар ҳақида