09:00 / 16.08.2020
3 107

ЖССТ коронавируснинг озиқ-овқат орқали юқиши тўғрисида маълумот берди

ЖССТ коронавируснинг озиқ-овқат орқали юқиши тўғрисида маълумот берди
Фото: Elements.envato
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавируснинг озиқ-овқат маҳсулотлари орқали тарқалишини исботловчи далиллар йўқлигини маълум қилди, деб хабар беради CNBC.

ЖССТнинг соғлиқни сақлаш соҳасида фавқулодда вазиятлар бўйича дастури директори Майкл Райаннинг маълум қилишича, Хитойдаги тадқиқотчилар ушбу масалани ҳали ўрганиб чиқмоқда, халқаро агентлик эса уларнинг хулосаларини кузатяпти.

«Одамлар егуликлардан, озиқ-овқат маҳсулотлари қадоқлари, уларни қайта ишлаш ёки етказиб беришдан қўрқмасликлари керак. Ва биз озиқ-овқат билан ёки уни узатишга боғлиқ муаммо бор деган таассурот пайдо қилишни истамаган бўлардик. Шундоқ ҳам барча кучли босимни ҳис қилмоқда», — дейди у.

NBC News маълумотларига кўра, Хитойдаги учта шаҳар сўнгги тўрт кун ичида музлатилган импорт маҳсулотлари юзасидан коронавирус аниқланганини маълум қилди. Бу вирус озиқ-овқат маҳсулотлари орқали юқиши мумкинлиги ва қайтадан инфекция тарқалишини юзага келтириши хавфини пайдо қилган.

ЖССТнинг қайд этишича, Хитой соғлиқни сақлаш органлари музлатилган маҳсулотларнинг «бир неча юз минг» намунасини текшириб чиққан ва тестларнинг жуда кам қисми ижобий натижа берган. Мамлакат ҳукумати БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан биргаликда озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берувчилар қандай ишлашлари лозимлиги борасида хавфсизлик қўлланмасини чиқарган.

ЖССТ вакилларининг таъкидлашича, агар вирус ростдан ҳам егулик орқали тарқалса, уни организмга киргунига қадар «ўлдириш» мумкин.

«Агарда вирус ростдан ҳам озиқ-овқатда бўлса, таом тайёрлаш вақтида уни ўлдириш мумкин. Масалан, гўштни юқори ҳароратда тайёрлаш вақтида», — дейди эпидемиолог Мария Ван Керкхове.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » ЖССТ коронавируснинг озиқ-овқат орқали юқиши тўғрисида маълумот берди