20:15 / 21.08.2020
3 160

Афғонистонда «Сўғдиёна транс» корхонаси вакилларига қуролли ҳужум уюштирилди

Афғонистонда «Сўғдиёна транс» корхонаси вакилларига қуролли ҳужум уюштирилди
20 август куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Афғонистон ташқи ишлар вазири Ҳаниф Атмар билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Суҳбат чоғида Афғонистон ташқи ишлар вазирининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифининг кун тартиби ва ташкилий жиҳатлари кўриб чиқилган. Шунингдек, энергетика ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Таъкидланишича, вазирлар Афғонистоннинг Балх вилоятида 20 август куни содир бўлган «Сўғдиёна транс» шўъба корхонаси вакилларига қуролли ҳужум ҳодисасини муҳокама қилган. Ҳаниф Атмар мамлакатнинг ваколатли органлари томонидан воқеа тафсилотлари синчковлик билан текширилаётганини ва унга алоқадор шахслар жавобгарликка тортилишини таъкидлаган.

Ўзбекистон томони Афғонистонда фаолият юритаётган Ўзбекистон компаниялари ва корхоналари ходимлари учун хавфсизлик чоралари кучайтирилишини сўраган.

Эслатиб ўтамиз, 20 август куни Афғонистоннинг Балх вилоятида «Сўғдиёна транс» шўъба корхонаси вакилларига қуролли ҳужум содир этилган. Корхона «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ таркибига киради. Ҳужум оқибатида корхона координация бўлими бошлиғи ўринбосари жароҳат олган, икки нафар Афғонистон фуқароси (Ички ишлар вазирлигининг темир йўлни қўриқлаш баталёни аскари ва бир нафар ҳужум қилган номаълум шахс) ҳалок бўлган.

Жароҳат олган корхона координация бўлими бошлиғи ўринбосари корхонага тегишли автомашинада Термиз шаҳридаги касалхонага етказилган. 21 август соат 7:00 дан Хайратон станцияси ўз ишини давом эттириш учун очилган. Мозори-Шариф ва Наибобод станцияларида очилиши бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Афғонистонда «Сўғдиёна транс» корхонаси вакилларига қуролли ҳужум уюштирилди