22:07 / 27.09.2020
3 775

Тоғли Қорабоғда яна қуролли тўқнашув юз берди. Тан олинмаган республикада ҳарбий ҳолат эълон қилинди

Тоғли Қорабоғда яна қуролли тўқнашув юз берди. Тан олинмаган республикада ҳарбий ҳолат эълон қилинди
Фото: Спутник
27 сентябрь куни эрталаб Степанакерт шаҳри ва Тоғли Қорабоғнинг бошқа аҳоли пунктлари «Град» русумли ялпи ўт очиш реактив тизимидан ўққа тутилди. Meduza’нинг ёзишича, бу ҳақда тан олинмаган республика президентининг матбуот котиби Ваҳрам Погосян «Интерфакс»га маълум қилган.

Тоғли Қорабоғдаги можаро томонлари — Арманистон ва Озарбайжон минтақада навбатдаги зўравонлик авж олганлигида бир-бирини айблаган.

Озарбайжон Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, соат тахминан 6:00 да Арманистон қуролли кучлари «кенг кўламли провокациялар амалга оширган» ва фронт яқинидаги ҳудудларда Озарбайжон армияси ва қишлоқларни шиддат билан ўққа тутган. Вазирлик ҳалок бўлганлар ва ярадорлар орасида тинч аҳоли вакиллари борлигини маълум қилган. Уларнинг сони аниқлаштирилмоқда.

Шу муносабат билан Озарбайжон қўшинлари бутун фронт бўйлаб қарши ҳужум операциясини бошлаб, Арманистон ҳарбий мудофаа бўлинмаларининг 12 та «Оsа» зенит-ракета тизимларини турли йўналишларда йўқ қилган.

Ўз навбатида Арманистон бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғга ҳужумни озарбайжонлик ҳарбийлар бошлаганини маълум қилган.
Арманистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Шушан Степанян маълумотларига кўра, ҳарбийлар Озарбайжонга тегишли икки вертолёт ва учта дронни уриб туширган, шунингдек, учта танкни йўқ қилган. Баку битта вертолёт уриб туширилганини тасдиқлаган. Унинг экипажи тирик.

Хабарда айтилишича, тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси президенти Араик Арутюнян ҳарбий ҳолат ва 18 ёшдан ошган барча эркаклар сафарбар қилинишини эълон қилган.

Ўнлаб кишилар ҳалок бўлган Арманистон ва Озарбайжон чегарасида аввалги қуролли тўқнашувлар июль ойи ўрталарида юз берганди. Шундан сўнг арманлар ва озарбайжонлар ўртасида тўқнашувлар икки мамлакатдан ташқарида, хусусан, Москвада содир бўла бошлади.

Сўнгги 30 йилдан буён Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар Тоғли Қорабоғ ҳудуди сабаб ёмонлашган. Минтақа Озарбайжон ҳудудида жойлашган бўлса-да, 1991 йилда унинг таркибидан чиққан. Тан олинмаган ушбу республика ҳудудида асосан арманлар истиқомат қилиб келади. Икки мамлакат ўртасидаги чегарада мунтазам қуролли тўқнашувлар содир бўлиб туради.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Тоғли Қорабоғда яна қуролли тўқнашув юз берди. Тан олинмаган республикада ҳарбий ҳолат эълон қилинди