Машҳур юнон хонандаси Йоргос Мазонакис 54 ёшида вафот этди

Машҳур юнон хонандаси Йоргос Мазонакис 54 ёшида вафот этди

Машҳур юнон хонандаси Йоргос Мазонакис 9 сентябрь куни 54 ёшида вафот этди. Хонанда Афинадаги хусусий тиббий муассасада бўлган вақтида юрак фаолияти тўхтаб қолган ва у тез ёрдам орқали «Элпис» шифохонасига олиб борилган.

Маълум бўлишича, Мазонакис режалаштирилган плазмаферез муолажасини олиш учун хусусий тиббий муассасага борган. Бироқ ушбу муолажа билан унинг ўлими ўртасида тўғридан-тўғри сабабий боғлиқлик борлиги ҳозирча тасдиқланмаган.

Шифохона маълумотига кўра, хонанда 9 сентябрь куни соат 16:45 да нафас олмаётган ва юрак уриши сезилмаётган ҳолда олиб келинган. Шифокорлар реанимация чораларини кўрган, аммо унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган. Ўлим вақти 17:40 деб қайд этилган.

Айни пайтда Афина полицияси хонанданинг ўлими билан боғлиқ ҳолатларни текширмоқда. Хусусий тиббий муассасада ишлаган шифокор ҳам тергов доирасида кўрсатма берган.

Йоргос Мазонакис 1972 йилда туғилган бўлиб, 30 йилдан ортиқ вақт давомида Юнонистон мусиқа санъатида фаолият юритган. У юнон лаикоси жанрининг энг танилган хонандаларидан бири ҳисобланган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар