12:03 / 06.11.2020
2 268

Садир Жапаров Қирғизистоннинг Хитой олдидаги қарзини сўндириш учун маблағ йиғиш мақсадида махсус ҳисоб рақам очилишини айтди

Садир Жапаров Қирғизистоннинг Хитой олдидаги қарзини сўндириш учун маблағ йиғиш мақсадида махсус ҳисоб рақам очилишини айтди
Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати
Қирғизистонда бош вазир вазифасини бажарувчи Садир Жапаров Хитой олдидаги қарзни сўндириш учун маблағ йиғиш мақсадида махсус ҳисоб рақам очилишини маълум қилди. Бу ҳақда Садир Жапаров Жалолобод вилоятидаги бир қатор қишлоқлар аҳолиси билан учрашув вақтида катта қисми Хитойнинг ҳиссасига тўғри келадиган ташқи қарзга хизмат кўрсатиш масаласида берилган саволган жавобан гапирган, деб хабар бермоқда Asia Plus.

«Менга ишонадиган мигрантлар, шунингдек, хусусий тадбиркорлар Хитойнинг қарзини сўндириш учун махсус ҳисоб рақам очмоқда. Икки-уч кун ичида масала ҳал бўлади. Биз ҳисоб рақамнинг шаффофлигини таъминлаймиз», — дея маълум қилган Жапаров.

Жапаров аввалроқ бошқа туманлар аҳолиси билан бўлиб ўтган учрашувда мамлакатнинг ички ресурслари давлат қарзига хизмат кўрсатиш учун етарли эканлигини айтган.

Хитой олдидаги давлат қарзини сўндириш учун маблағ йиғиш бўйича кампания бошлашни октябрь ойида парламент депутати ва «Аёллар кенгаши» жамоат бирлашмаси раиси Айнуру Алтибаева таклиф қилган. Унинг сўзларига кўра, уларнинг бирлашмаси пул йиғмайди, фақат бу жараённинг бошланиши учун шароит яратади.

«Ҳозир тайёргарлик тадбирлари кетмоқда, давлат банкида ҳисоб рақам очиш шартлари келишилган. Молия вазири билан муҳокамалардан кейин идора ҳисобрақам очиш устида ишламоқда. Барча тўловлар сайтда кўрсатилади, барчаси шаффоф бўлади», — дея маълум қилган Алтибаева.

Қирғизистон Молия вазирлигининг 2020 йил 30 июлдаги маълумотларига кўра, мамлакатнинг ташқи қарзи 4,16 миллиард долларни ташкил қилади, шундан 1,77 миллиард доллари Хитой «Эксимбанк»и томонидан берилган кредитлар ҳисобланади.

Ташқи қарзни тўлаш учун маблағ йиғиш бўйича миллий кампаниянинг эълон қилиниши Қирғизистонда биринчи марта юз бермаяпти. 2018 йилда ўша пайтдаги бош вазир Муҳаммадкалий Абилғозиев махсус ҳисобрақам очишни ва унга ташқи қарзни тўлаш учун давлатга ёрдам беришни истовчилар маблағ ўтказиши мумкинлигини таклиф қилган. Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев бош вазирлик лавозимида ишлаган 2007 йилда ана шундай махсус ҳисобрақам очган. Беш йил ичида мазкур ҳисобрақамда 20 минг доллардан кўпроқ маблағ тўпланган. Тўпланган маблағлар Қирғизистон Миллий банки томонидан Молия вазирлигига ўтказиб берилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Садир Жапаров Қирғизистоннинг Хитой олдидаги қарзини сўндириш учун маблағ йиғиш мақсадида махсус ҳисоб рақам очилишини айтди