11:00 / 14.03.2021
1 540

Боливиянинг собиқ президент вазифасини бажарувчиси давлат тўнтариши бўйича тергов доирасида ҳибсга олинди

Боливиянинг собиқ президент вазифасини бажарувчиси давлат тўнтариши бўйича тергов доирасида ҳибсга олинди
Боливиянинг муваққат президенти Жанин Аньес
Фото: AP Photo

2019 йил ноябрь ойида Эво Моралес давлат раҳбари лавозимидан истеъфога чиққанидан кейин вақтинчалик президент вазифасини бажарган Жанин Аньес 13 март куни Боливиядаги давлат тўнтариши билан боғлиқ тергов доирасида ҳибсга олинди. Бу ҳақда мамлакат ички ишлар вазири Карлос дель Кастильога таяниб, «ТАСС» хабар берди.

«Боливия халқига Жанин Аньес хоним ҳибсга олингани ва ҳозирда полиция қўлида эканини маълум қиламан», — деди ташқи ишлар вазири ўзининг Twitter саҳифасида. Прокуратура Аньесни мамлакатдаги давлат тўнтаришига алоқадор деб ҳисобламоқда.

Аввалроқ давлат тўнтариши бўйича тергов доирасида Боливиянинг собиқ адлия вазири Альваро Коимбра ва собиқ энергетика вазири Родриго Гусман ҳибсга олинган эди. Шунингдек, прокуратура Анес ҳукуматининг яна учта собиқ вазирини ҳибсга олиш учун кўрсатма берди. Собиқ амалдорлар «терроризм, исён кўтариш ва фитна уюштиришда» айбланяпти.

Боливияда 2019 йилнинг 20 октябрь куни президентлик сайловлари бўлиб ўтган. Олий сайлов судининг маълумотларига кўра, ўша пайтда амалдаги давлат раҳбари Моралес кўпчилик овоз билан ғолиб бўлган. Унинг асосий рақиби Карлос Меса биринчи даврада рақибининг ғалабасини тан олмаслигини таъкидлаган. Моралес Лотин Америкаси мамлакатлари давлат раҳбарлари орасида энг кўп президентлик қилган сиёсатчилардан бири эди ва 20 октябрда тўртинчи марта сайловларда ғолиб чиққанди.

Мухолифат натижаларни инкор этди ва сайловчилар овозларини ҳисоб-китоб қилишда ҳийла-найранг ишлатилганини гумон қилди. Натижада халқ норозилик намойишларини бошлади, уларда 3 нафар фуқаро ҳалок бўлди ва юзлаб одамлар жароҳатланди.

Уч ҳафта давом этган норозилик намойишларидан сўнг Боливия қуролли кучлари расмийлари Моралесдан истеъфога чиқишини сўради ва у вазиятни давлат тўнтариши деб баҳолаган ҳолда лавозимини тарк этди ва мамлакатдан чиқиб кетди.

Сенаторлар палатаси спикерининг иккинчи ўринбосари, мухолифат вакили Жанин Анес янги сайловлар ўтказилгунга қадар вақтинча президентлик вазифасини бошқаришини эълон қилди ва ўзининг янги Вазирлар Маҳкамасини ташкил қилди.

2020 йилнинг октябрь ойида қайта сайлов ўтказилди, натижаларга кўра, Моралеснинг шериги Луис Арсе президент этиб сайланди.

Эслатиб ўтамиз, 13 март куни Боливиянинг собиқ адлия вазири Альваро Коимбра ва собиқ энергетика вазири Родриго Гусман, 2019 йилнинг ноябрь ойида амалга оширилган давлат тўнтариши бўйича терговнинг бир қисми сифатида ҳибсга олинганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Боливиянинг собиқ президент вазифасини бажарувчиси давлат тўнтариши бўйича тергов доирасида ҳибсга олинди