10:27 / 07.04.2021
2 315

Греция Иккинчи жаҳон уруши учун Германиядан товон пули талаб қилди

Греция Иккинчи жаҳон уруши учун Германиядан товон пули талаб қилди
Фото: Pixabay
Греция ҳукумати яна бир бор Иккинчи жаҳон уруши даврида фашистлар Германияси томонидан мамлакатга етказилган зарарни қоплаш бўйича музокаралар ўтказишга чақирди. Бу ҳақда Deutsche Welle нашри хабар берди.

Иккинчи жаҳон уруши даврида фашистлар Германияси томонидан етказилган зарарни Греция парламенти комиссияси 289 миллиард еврога баҳолади. Ушбу миқдор Грециянинг Германия марказий банкига беришга мажбур бўлган кредитини ҳам ўз ичига олади.

«Бизнинг талабларимиз қондирилмагунича бу масала очиқ қолаверади. Талаблар ҳақиқий ва ўринли, улар ҳар қандай усул билан тасдиқланади», — деди Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Александрос Папаёанну.

Грециянинг ўша даврдаги жами 7 миллион аҳолисидан 300 минг нафари Гитлер Германияси босқинининг қурбонига айланган. 1942 йилда Учинчи рейхга берилган 476 миллион рейхсмарка (ҳозирги пулда 10 миллиард евро) миқдоридаги қарзи учун алоҳида даъво очиш режалаштирилган.

1941 йил 6 апрелда Грецияга бостириб киргандан сўнг немис қуролли кучлари мамлакатда қирғинларни давом эттирди, бунинг натижасида ўн минглаб тинч аҳоли қурбон бўлди.

Лекин Германия товон пули мавзусини тўлиқ ёпилган деб ҳисоблайди ва музокара ўтказишни режалаштирмаяпти. Немислар Германияни бирлаштиришдан олдин ташқи муаммоларни ҳал қилиш мақсадида 1990 йилда тузилган «Икки қўшув тўрт» келишувига таянади. Шу билан бирга, бу келишув Германия Федератив Республикаси, Германия Демократик Республикаси, Англия, СССР ва Франция вазирлари томонидан имзоланган, лекин унда Грецияга етказилган зарарнинг қопланиш масаласи кўриб чиқилмаган.

Маълумот учун, Греция кўп йиллардан буён Германиядан зарарни қоплашни талаб қилмоқда. 2015 йилда Греция Биринчи жаҳон урушида Германиянинг етказган зарарини 9 миллиард еврога баҳолаган эди.

Маълумот учун, уч йил олдин тикланган АҚШ санкциялари Эронга тўғридан-тўғри 200 миллиард доллардан ошиқ зарар етказгани ҳақида хабар берилган эди. Лекин Теҳрон етказилган зарарни АҚШнинг Эрон ядро дастури бўйича Қўшма ҳаракат режасига (ҚҲР) қайтиши учун шарт сифатида ундирмоқчи эмас.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Греция Иккинчи жаҳон уруши учун Германиядан товон пули талаб қилди