09:30 / 09.04.2021
2 199

Зеленский Донбассдаги низолар авж олаётган бир пайтда фронтга жўнаб кетди

Зеленский Донбассдаги низолар авж олаётган бир пайтда фронтга жўнаб кетди
Фото: гомел.тодай
Украина президенти Владимир Зеленский фронтолди ҳарбийлари билан учрашиш ва «ҳимоячиларнинг руҳиятини кўтариш» учун хизмат сафари билан Донбассга жўнаб кетди. Бу ҳақда Украина раҳбари матбуот хизматига таяниб, Meduza хабар берди.

«Давлат раҳбари кенг кўламли ва барқарор сулҳ мунтазам равишда бузиб келинаётган, шунингдек, яқинда душманларнинг ўт очиши натижасида украиналик ҳимоячилар ҳалок бўлган ва жароҳат олган фронтолди позицияларга ташриф буюради», — дейилади хабарда. Шунингдек, президент идораси Зеленскийнинг Донбассга Украина олий бош қўмондони сифатида боришини таъкидлади.

Март ойи охирида расмий Киев ва тан олинмаган Донецк ва Луганск халқ республикалари ўртасидаги зиддият Украина ҳарбийларига қилинган ҳужумлардан сўнг авж олди. Шундан сўнг Россия Украина чегаралари яқинидаги қўшинларини кучайтира бошлади.

«РБК» хабарига кўра, АҚШ, Канада, Литва, Польша ва Буюк Британия вакиллари виртуал учрашув уюштириб, Украина ва Россиянинг ўз чегаралари яқинидаги ҳарбий фаолиятини муҳокама қилди.

«Мажлис иштирокчилари Россиянинг минтақадаги ҳарбий фаоллиги ошиши билан боғлиқ ўз хавотирларини муҳокама қилди», — дейилади Пентагон баёнотида. Баёнотга кўра, Россиянинг ҳаракатлари вазиятни ёмонлаштиради ва можарони бартараф қилишни қийинлаштиради.

Учрашув иштирокчилари «Украинанинг суверенитети, унинг ҳудудий яхлитлиги ва Евроатлантик интилишларини қўллаб-қувватлаётганини яна бир бор тасдиқлади». Улар, шунингдек, Украина ҳарбий кучларини тайёрлаш ва уларнинг салоҳиятини оширишда ёрдам беришга тайёр эканини билдирди. Пентагон буни «мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш ва НАТОнинг ўзаро ҳамкорлик томон янада интилиши учун зарур», деб изоҳлади.

Таъкидланишича, учрашувни Буюк Британия давлат котиби Бен Уоллес бошқарган. АҚШ томонидан мудофаа вазирининг сиёсат бўйича ўринбосари Аманда Дори иштирок этган.

Эслатиб ўтамиз, Россия қўшинларининг Донбассга тортилиши фонида Украина НАТОга қўшилиш масаласини қайта кўтарди. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан суҳбатда Зеленский НАТО Донбассдаги урушни тўхтатишнинг ягона йўли эканини айтди. АҚШ бу ғояни ҳозирча назарий жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда, Кремлнинг фикрича, Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши Донбассдаги инқирозни янада кучайтиради.

Март ойи охирида The New York Times газетаси 4 минг рус қўшини Украина чегараларига, хусусан, Ростов, Брянск, Воронеж вилоятлари ва Қримга юборилгани ҳақида хабар берди. Ҳаммаси бўлиб, Россия Қуролли Кучларининг 28 та тактик баталён гуруҳи чегаралар бўйлаб жойлаштирилган. АҚШ расмийлари Россиядан нима сабабдан ўзининг жануби-ғарбий чегараларига қўшин жойлаштиргани ҳақида изоҳ талаб қилди. Қўшма Штатлар буни Украинага қарши провокация деб ҳисобламоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Зеленский Донбассдаги низолар авж олаётган бир пайтда фронтга жўнаб кетди