20:39 / 15.07.2021
4 293

ОАВ: «Толибон» Афғонистондаги эгаллаб олган ҳудудларида ўз қоидаларини жорий қилди


Фото: Reuters
Афғонистон шимолидаги чекка ҳудудларни эгаллаб олгандан сўнг «Толибон» қатъий қоидаларга қайтишни талаб қилувчи ёзма буйруқлар чиқарди. Бу ҳақда назорат остидаги ҳудудлар аҳолисининг сўзларига асосланиб, The Hindu нашри хабар берди.

Афғонистонликларнинг сўзларига кўра, энди эркаклар соқолини олдирмайди, ёшларга давлат байроғида акс этган қизил ва яшил рангдаги либосларни кийиш тақиқланди, аёллар ўз уйларидан ҳамроҳсиз чиқиб кетиши мумкин эмас.

«Аёллар ва ёш қизларнинг кўпчилиги каштачилик, кийим-кечак ва пойабзал тикиш билан шуғулланарди. Энди ‘Толибон’нинг буйруғи бизни қўрқитиб қўйди»— дейди чегарадаги Шерхон Бандар посёлкасининг маҳаллий фабрикада ишловчи аҳолиси.
Унинг сўзларига кўра, «Толибон» назорати остидаги ҳудудларда аёллар ҳеч қачон ишлай олмайди, шунинг учун кўпчилик уйларини ташлаб, мамлакат жанубига қочиб кетган.

Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, «Толибон» чекишни ҳам тақиқлаган ва ҳар қандай қоидаларни бузганларга қарши «жиддий чора кўрилиши» ҳақида огоҳлантирган.

The Hindu нашрининг хабарига кўра, яқинда ижтимоий тармоқларда гўёки «Толибон» Маданият комиссиясидан чиққан баёнотлар пайдо бўлди. Улар барча имом ва муллалардан «‘Толибон’ жангчиларининг уйланиши учун 15 ёшдан ошган қизлар ва 45 ёшгача бўлган бева аёлларнинг рўйхатини тақдим этишни» талаб қилмоқда.

«Толибон»нинг ўзи бундай постларга алоқадорлигини рад этмоқда ва уларни тарғибот деб ҳисоблайди. «Булар асоссиз даъволар», — деди ҳаракат вакили Забиҳулла Мужоҳид. «Булар сохта ҳужжатлардан фойдаланиб, тарқатилган миш-мишлар».
«Толибон»нинг таъкидлашича, улар инсон ҳуқуқларини, айниқса, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилади, аммо фақат «исломий қадриятларга» мувофиқ равишда.

Бироқ эгаллаб олинган ҳудудларда яшовчи афғонлар «Толибон»га қиз ва аёлларни хотин сифатида бериш ҳақидаги миш-мишлар ҳақиқат эканини таъкидламоқда. «Толибон» ҳаракати 1996 йилдан 2001 йилгача Афғонистонни бошқарган.

The Hindu нашрининг қайд этишича, ўша пайтда аёлларга эркак қариндошлари кузатувисиз уйдан чиқмаслик буюрилган, қизларнинг мактабга бориши тақиқланган ва зино каби жиноятда айбдор бўлганлар тошбўрон қилиб ўлдирилган.

Эркаклар нисбатан кўпроқ эркинликка эга бўлган, аммо уларга соқолни олмаслик буюрилган, намозга келмаганлар калтакланган, шунингдек, уларга фақат анъанавий кийимларни кийиш буюрилган.

Афғонистон ўта консерватив мамлакат, у ердаги айрим қишлоқ жойлари «Толибон» назорати остида бўлмаса ҳам, шунга ўхшаш қоидаларга риоя қилади, аммо ҳаракат ушбу фармонларни мамлакатнинг замонавийроқ марказларида ҳам қабул қилдиришга уриниб келади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » ОАВ: «Толибон» Афғонистондаги эгаллаб олган ҳудудларида ўз қоидаларини жорий қилди