11:38 / 05.08.2021
2 398

Қирғизистон Бош прокуратураси: Асқар Акаев тергов билан фаол ҳамкорлик қилмоқда


Фото: «ТАСС»
Қирғизистон биринчи президенти Асқар Акаев «Қумтор» олтин конини қазишда йўл қўйилган коррупция ҳақидаги жиноят иши бўйича тергов билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Бу ҳақда мамлакат Бош прокуратураси хабар берди. Акаевнинг ўзи шу ишда гумонланувчи сифатида қатнашмоқда.

Асқар Акаев 2 август куни Қирғизистонга қайтди. Бишкекда у аввалига сўроққа тутилган, кейин президент Садир Жапаров уни шахсан қабул қилган. Расмийлар Акаевнинг Канаданинг Centerра Голд Inc. компанияси билан «Қумтор» олтин кони борасидаги шов-шувли зиддиятда уларга ёрдам беришидан умидвор.

Акаев ватанига қайтиб келиш имкониятини тақдим этгани учун Садир Жапаровдан миннатдор эканини билдирди ҳамда «Қумтор» иши бўйича терговга ёрдамлашишга тайёрлигини айтди.

Қирғизистон бош вазири аппарати собиқ раҳбари ҳамда Асқар Акаевнинг собиқ сафдоши Бекболот Талгарбеков собиқ президент Қирғизистон фуқаролигидан воз кечмаганини маълум қилди.

«Улар (Акаев ва унинг рафиқаси) вақт ўтиши билан ватанига қайтиб боришига умид қилиб келган, шунинг учун фуқаролигини ўзгартирмаган. Шунча йил давомида улар Москвада Қирғизистон паспортлари билан яшаган», — деди Талгарбеков.

Унинг қўшимча қилишича, Акаевлар паспортлари Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги линияси орқали янгиланган ва Талгарбековнинг ўзи Майрам Акаеванинг паспорти учун ҳужжатлар тўплашда ёрдам берган.

«Асқар Акаевга мен ёрдам бермаганман, лекин аниқ биламан, унда ҳам Қирғизистон умумфуқаролик паспорти бор. Уларнинг фарзандларининг фуқаролиги ҳақида ҳеч нарса билмайман», — деди Талгарбеков.

3 август куни Қирғизистон собиқ бош вазири Темир Сариев қўлга олинди. У «Қумтор» конидан атроф-муҳитга етказилган зарар суммасини камайтириб кўрсатганликда гумон қилинмоқда.

Май ойи охирида Қирғизистонда яна икки нафар собиқ давлат амалдори коррупцияда айбланиб ҳибсга олинган эди. Улардан бири Қирғизистон парламентининг собиқ раиси ва собиқ президент Сўронбай Жээнбековнинг укаси Асилбек Жээнбековдир.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг таъкидлашича, Акаев ва бошқа собиқ юқори мартабали амалдорлар 1992 йилда «Қумтор» лойиҳаси бўйича бош келишувни тузишда, 1994 йилда унга ўзгартиришлар киритишда, шунингдек, 2003 йилда «Камеко» компанияси билан келишувни қайта тузишда коррупция ҳолатлари учун жавобгарликка тортилган.

Қирғизистоннинг биринчи ва иккинчи президентлари Асқар Акаев ва Қурманбек Бакиевлар июль ойи бошларида «Қумтор» иши бўйича халқаро қидирувга берилганди.

Асқар Акаев 1990 йилдан 2005 йилгача дастлаб Қирғизистон ССР, сўнг Қирғизистон Республикаси президенти бўлган. 2005 йилда тўқнашувлар ва президент қароргоҳининг қирғин қилиниши воқеалари ҳамроҳлик қилган «Лолалар инқилоби» деб номланган даврда Қирғизистон президенти лавозимидан четлатилган, сўнг у Россияга қочиб кетган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қирғизистон Бош прокуратураси: Асқар Акаев тергов билан фаол ҳамкорлик қилмоқда