19:30 / 15.08.2021
7 608

«Толибон» Афғонистонни эгаллаб олгач, матбуот ва аёллар учун ўз шартларини эълон қилди

«Толибон» Афғонистонни эгаллаб олгач, матбуот ва аёллар учун ўз шартларини эълон қилди
Фото: Reuters
Афғонистонда «Толибон» террорчилик ташкилоти ҳукмронлиги остида аёллар таълим олиши ва ишлаши, журналистлар эса ҳодисаларни танқид қилиши мумкин бўлади. Бу ҳақда «Толибон» вакили Муҳаммад Суҳайл Шоҳин маълум қилди, деб хабар бермоқда Al Arabiya.

Унинг аниқлик киритишича, аёлларнинг барчаси ҳижоб (паранжи) кийиши керак бўлади. «Толибон» кафолат беришича, аёллар уйдан ёлғиз, эркаклар ҳамроҳлигисиз чиқа олади.

Бундан ташқари, ҳаракат жамоатчилик орасида ўзбошимчалик билан жазолаш ҳолатларига йўл қўймасликни режалаштирмоқда. Қатл қилиш ёки тошбўрон қилиш каби жазоларнинг барчаси фақат суд қарори билан амалга оширилади.

Шунингдек, «Толибон» вакили маълум қилишича, улар инклюзив ҳукумат тузишга интилмоқда, унда афғонистонликларнинг барчаси иштирок эта олади.

«Бизнинг кучларимиз Кобул дарвозалари олдида қолиб, шаҳарга кирмаслик ҳақида топшириқ олди. Биз ҳокимиятнинг тинч йўл билан топширилишини кутяпмиз, — деди Шоҳин. — Бунда биз шаҳар ва ҳокимият Афғонистон ислом амирлигига топширилишини, шундан кейин келажакда бизда ислом ҳукумати тузилиши, унда барча афғонлар иштирок этишини кўзда тутамиз».

Унинг таъкидлашича, Кобул аҳолиси ўзларининг ва мол-мулкларининг хавфсизлигидан хавотирланмаслиги керак, чунки «Толибон» пойтахт ҳудудида жанговар ҳаракатларни бошламоқчи эмас. Шунингдек, ҳаракат Ғарб кучлари билан ҳамкорлик қилган афғонистонликларни жазоламоқчи эмас, шу сабабли уларнинг мамлакатни тарк этиши учун сабаб йўқ.

Шоҳиннинг қўшимча қилишича, «Толибон»нинг сиёсий қаноти етакчиси мулла Абдулғани Бародар ҳамон Доҳада бўлиб турибди. У Афғонистон президенти Ашраф Ғани қўлидан ҳокимиятни қабул қилиб олиш учун Кобулга етиб келгани ҳақидаги мишмишлар ҳақиқатга тўғри келмайди, деди у.

Бундан ташқари, «Толибон» Афғонистоннинг амалдаги президенти Ашраф Ғани, ҳукумат амалдорлари ва афғон партиялари етакчиларини ҳамкорликка чақирди. «Толибон» давлат раҳбари, «маъмуриятдаги бошқа масъул шахслар ва сиёсий партиялар етакчиларини биргаликда ишлашга» даъват этди.

NBC қайд этишича, Афғонистон бундан аввал «Толибон» қўл остида бўлган даврда (1996 йилдан 2001 йилгача) қизларга мактабга бориш, аёлларга эса уйдан ташқарида ишлаш ёки кўчага бутун танани ёпиб турадиган либос киймаган ҳолатда ва эркак кишининг ҳамроҳлигисиз чиқиш тақиқланган эди. Ушбу қоидани бузганлар омма олдида саваланган ёки қатл қилинган.

БМТ августда Афғонистоннинг «Толибон» томонидан эгаллаб олинган ҳудудларида аёллар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларнинг оммавий ўлдирилиши ҳолатлари ҳақида маълум қилди. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишел Бачелет қайд этишича, аёллар «Толибон» ўрнатган қоидаларни бузгани учун жамоатчилик олдида қамчилаб калтакланган. Шунингдек, ташкилот таслим бўлган ҳукумат кучларини оммавий қатл қилгани, амалдаги ва собиқ ҳукумат мансабдорларига ва уларнинг оилаларига ҳужумлар уюштиргани, уй, мактаб ва касалхоналарни вайрон қилгани ҳақида хабарлар олган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Толибон» Афғонистонни эгаллаб олгач, матбуот ва аёллар учун ўз шартларини эълон қилди