Ҳомиладорликда кўплаб аёлларда қўл увишиши кузатилади. Бундай ҳолат турли омилларга боғлиқ. Хўш, улар қайсилар? Бу ҳомила учун хавфлими?
ССВ матбуот хизмати ушбу мавзу бўйича маълумот берди.
Кўпинча оёқ-қўллар увишиши онанинг соғлиғи ва ривожланаётган ҳомила учун хавф туғдирмайди, аммо истисно ҳолатлар ҳам мавжуд. Шу боис, унинг сабабини аниқлаш ва ўз вақтида тегишли чоралар кўриш зарур.
Ҳомиладорликда қўл увишишининг умумий сабаблари:
Шишлар — бўлажак она ва ҳомила учун хавф туғдирмайдиган энг эҳтимоли юқори бўлган омил саналади. Фарзанд кутаётган онада буйраклар меъёридан ортиқ куч сарфлайди. Улардаги суюқлик тўқималарда ушланиб, асаб тугунлари ва қон томирларига босим ўтказа бошлайди.
Натижада оёқ-қўлларда қон айланиши бузилиб, уларнинг увишиши кузатилади. Шунингдек, шиш ривожланишига прогестерон гармони ишлаб чиқарилишининг кўпайгани ҳам сабаб бўлади.
Ҳомиладорлик пайтида қўл ва оёқларда А ва В гуруҳига мансуб витаминлар етишмовчилиги туфайли ҳам безовталик кузатилади. Магний, калий, темир ва кальций танқислиги оёқ-қўллар сезгирлигининг бузилиши, тортишиш ҳамда оғриққа сабаб бўлади.
Муаммони таомномага микроэлемент ва витаминларга бой озиқ-овқат маҳсулотларини киритиш орқали ҳал қилиш мумкин.
Тоннель синдроми — билак пайлари ва суяклари орасидаги ўрта асаб толаларининг қисилиши фонида юзага келадиган клиник кўринишлар мажмуи. Ушбу нейропатия компьютерда ишлайдиганлар, скрипкачилар, пианиночи ва қўллари доимий зўриқиш билан боғлиқ бўлганларнинг касб касаллиги ҳисобланади.
Бўйин ёки бўйин-кўкрак умуртқалари остеохондрози ҳам қўл увишиши сабабларидан бўлиши мумкин. Ҳомиладор аёл умуртқаси ва умуртқалараро дискларидаги патологик ўзгаришлар туфайли бунинг эҳтимоли анча юқори бўлади.
Ҳозир дунёда ҳар иккинчи одам остеохондрозга чалинган. Ҳомиладорлик вазиятни янада оғирлаштириб, касаллик хуружини юзага келтиради.
Бундан ташқари, қандли диабетдан азият чекадиган ҳомиладор аёлларда шикастланган томирлар бўйлаб қон оқимининг қийинлашиши оқибатида қўл увишиши кузатилади.
Қолаверса, тор кийиниш ҳам енг мушаклари ва асаб толаларининг қисилишига олиб келади.
Кўпинча ўнақай аёллар аксарият ҳаракатларни айнан ўнг қўлда бажаргани учун ҳомиладорлик пайтида шу қўлнинг увишиши қайд этилади, чапақайларда эса аксинча.
Шуни унутмаслик лозимки, чап қўлдаги увишишлар юрак фаолияти билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг