Аёлга муносабат

Аёлга муносабат
Аёлингиз учун чиройли кийининг, ҳар доим тоза ва ҳушбўйланган ҳолда бўлинг. Эр аёлини ҳар доим чиройли кўринишини хоҳлагани каби аёл ҳам эрини у учун кийинишини хоҳлайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар доим уйларига қайтганларида тишларини мисвак билан тозалашдан бошлардилар ва ҳушбўйланишни яхши кўрардилар.

Аёлингизга уни эркалайдиган номлар билан мурожаат қилинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари учун, улар яхши кўрадиган алоҳида номлари бор эди. Аёлингизни у энг яхши кўрадиган номлар билан чақиринг, унинг қалбини оғритадиган номларни айтманг.

Аёлингизга пашшага қилинадиган муносабатда бўлманг. Чивин бизни “чақиб олмагунича” у ҳақда ҳеч ҳам ўйламаймиз. Худди шунга ўхшаш, аёл ҳам кун бўйи тинмайди, то у эрини “чақиб оладиган” бир иш қилмагунича эр унга эътибор бермайди. Унга бундай муносабатда бўлманг; у қилган ҳар бир яхшиликларнинг фарқига боринг ва эътибор қаратиб туринг;

Агар аёлингизнинг хатосини кўрсангиз жим туришга ҳаракат қилинг ва уни xaфa қилманг! Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг усулларидир: аёллари (розияллоҳу анҳунна) томонидан бирор-бир номаъқул нарсани кўрсалар мана шу усулни қўллардилар. Бу жуда ҳам озчилик уддалай оладиган усулдир.

Ҳар доим аёлингизни кўрганда табассум қилинг ва уни қучоғингизга олинг. Табассум садақадир ва аёлингиз бунга энг ҳақлидир. Аёлингиз сизни ҳамиша табассумда кўрадиган ҳаётни бир тасаввур қилинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга чиқиб кетаётганларида аёлларини бир ўпиб қўярдилар, ҳатто рўза тутган бўлсалар ҳам.

Аёлингизнинг сиз учун қилган ишларига ташаккур билдиринг! Аёлингиз таом тайёрлайди, уй тозалайди ва шунга ўхшаш ўнлаб бошқа ишларни қилади. Баъзан унинг барча қилган бу ишлари учун оладиган раҳмати: “Овқатни тузи кам бўлиб қолибди”, – деган сўз бўлади.

Аёлингизга нима роҳат бераётганини ўзингиз фарқлаб олишингиз қийин. У билан топишмоқ ўйнашга мажбур эмассиз, ундан сўранг ва ҳаётингизда ўша ишларни такрорлаш учун ҳаракат қилинг.

Унинг хоҳишларини кичик санаманг. Аёлингизни таъминлаб қўйинг. Баъзан эркаклар аёлларининг талабларига паст назар билан қарайдилар. Бу ҳолатда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўрнакдирлар. Софийя розияллоҳу анҳога секин юрадиган туя бериб қўйилгани учун йиғлаётганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг кўз ёшларини артдилар ва унга бошқа туя келтириб бердилар.

Хушчақчақ бўлинг ва аёлингиз билан ўйинлар ўйнанг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чўлда Оиша розияллоҳу анҳо билан қувалашмачоқ ўйнаганлар.

Ҳар доим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини ёдда сақланг: “Сизларнинг энг яхшиларингиз, аҳлига яхши муносабатда бўлганларингдир. Сизларнинг ичингларда аҳлига энг яхши бўлгани менман».

Эрларнинг энг яхшиси бўлишга ҳаракат қилинг!
Одил ИСМАТУЛЛАЕВ

Манба: Azon.uz

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар