Шамоллаш ва хасталик пайтида қайси озиқ-овқатлардан воз кечиш керак?

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Шамоллаш ва касаллик пайтида иммунитетни сусайтирувчи ва яллиғланишни кучайтирувчи шакарли маҳсулотлар, спиртли ичимликлар, ситрус мевалар, сут маҳсулотлари ҳамда ёғли ва қовурилган овқатлардан воз кечиш тавсия этилади.
- Ушбу маҳсулотлар организмни сувсизлантириши, дори воситаларининг таъсирини пасайтириши, шиллиқ қаватларни қичиштириши, балғам ажралишини кўпайтириши ва ҳазм тизимига ортиқча юк тушириши мумкин.
Организм турли мавсумий хасталиклар, грипп ёки шамоллаш билан курашаётган вақтда тўғри овқатланиш рациони соғайиш жараёнида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассисларининг таъкидлашича, айрим маҳсулотлар касаллик аломатларини янада кучайтириб, табиий иммунитетни сусайтириб қўйиши мумкин.
Касалликни енгил ўтказиш ва организмнинг тикланишини тезлаштириш учун қуйидаги озиқ-овқатлардан вақтинча сақланиш тавсия этилади:
Хасталик вақтида тақиқланадиган 5 та асосий маҳсулот
Шакарга бой ширинликлар ва маҳсулотлар: Таркибида юқори миқдорда шакар бўлган егуликлар яллиғланиш жараёнларини кучайтиради ва оқ қон таначалари — лейкоцитларнинг вирусларга қарши курашиш қобилиятини сусайтиради;
Спиртли ичимликлар: Алкоголь организмни жиддий даражада сувсизлантиради (дегидратация), дори воситаларининг таъсирини кескин пасайтиради ва жигарга ортиқча юк туширади;
Цитрус мевалар: Апельсин, лимон каби мевалар С витаминига бой бўлса-да, улардаги юқори кислоталилик томоқ ва ошқозоннинг яллиғланган шиллиқ қаватини қичиштириб, оғриқни кучайтириши мумкин;
Сут ва сут маҳсулотлари: Айрим беморларда сут маҳсулотлари нафас йўлларида балғам ва шилимшиқ моддалар ажралишини кўпайтириб, йўтал ҳамда бурун битишини мураккаблаштиради;
Ёғли ва қовурилган овқатлар: Қовурма ва оғир таомларни ҳазм қилиш учун ошқозон-ичак тизими жуда кўп энергия сарфлайди. Натижада организм ўз кучини инфекцияга қарши курашга эмас, овқат ҳазм қилишга сарфлашга мажбур бўлади.
Мутахассислар хулосаси: Нима учун бу маҳсулотлар хавфли?
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тушунтиришича, юқорида санаб ўтилган маҳсулотларда беморлик даврида ҳимоя тизими учун ниҳоятда зарур бўлган фойдали витаминлар ва минераллар миқдори кам бўлади.
Бундан ташқари, улар ҳазм тизимига ортиқча зўриқиш юклайди. Шу сабабли мутахассислар хасталик пайтида кўпроқ илиқ суюқликлар, товуқ шўрваси, қайнатилган енгил таомлар ва витаминларга бой сабзавотларни истеъмол қилишни тавсия этади.































Изоҳлар 0
…