19:19 / 31.01.2019
6 380

Бировнинг ҳақи...

Бировнинг ҳақи...
– Шу нарсаларимни сотмоқчийдим, – ийманибгина қўлида тўрт ойлик чамаси чақалоғини кўтариб олган жувон ишлатилган нарсалар олиб, сотувчи аёлга илтижоли боқди.
– Боламга чақалоқлар бўтқаси билан таглик олмоқчийдим, илтимос олақолинг, – дея ялинди аёл.
– Ҳаммасига 30 минг бераман.
– Ааа? Ахир яп-янги кўйлаклар-ку, опа! Бир марта кийилган холос.
– Ана кийилган экан-ку! 5та кўйлакка 30 минг. Бўлмаса бошқага кўрсатинг. Жувон атрофдагилардан уялиб кетди.
– Майли, олақолинг, – деди йиғлагудек бўлиб.

Сотувчи аёл куймалана-куймалана ҳамма ерни қараб чиқди. Сўнг жувонга гап қотди:
– Қизим, пулим тугаб қопти, шу атрофда турсангиз кечга ташлаб ўтсам бўладими? Албатта, бераман. Бировнинг ҳақи керак эмас менга. Жувон нима дейишини билмай қолди.

Таваккал, майли деди. Телефон рақамини қолдирди. Уят ва номусдан йиғлаб юбормаслик учун лабини тишлаб, боласини қаттиқ қучоқлаганча йўлакка қараб юрди.

Орадан бир ой ўтиб автобусда икки аёлнинг суҳбати қулоғига чалинди.
– Ҳаммаси ёниб кул бўлди. Ҳеч нарса қолмади. Энди ундай уйни қургунча она сутим оғзимга келса керак.

Жувонга овоз таниш туюлди. Ялт этиб орқага қаради. Нигоҳлар тўқнашди. Сотувчи аёл шошганча сумкасини ковлади.
– Жон синглим рози бўлинг, – деди йиғлаб бир сиқим пул узатганча.
– Қўяверинг, мен розиман. Янги уйингизга ишлатарсиз, – деди жувон ва кейинги бекатда тушиб ёшли кўзларини артиб олди.
Саида ИБОДИНОВА

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бировнинг ҳақи...