11:37 / 11.02.2019
6 614

Ёлғон ризқни камайтиради

Ёлғон ризқни камайтиради
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Агар банда ёлғон гапирса, у қилган нарсанинг сассиғидан фаришта ундан бир мил нарига узоқлашади", дедилар.

Бу дунёда бандани қўриқлаб туриш учун бириктирилган фаришта ҳам унинг ёлғони сассиғидан ҳазар қилиб, ундан қочар экан. Фариштаси ўзидан қочган одам ким деган одам бўлади? Халқ ичидаги "Фалончининг фариштаси йўқ", деган қабилдаги гап бежиз эмас. Шунинг учун ҳам зинҳор ва зинҳор ёлғон гапирмаслик лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ота-онага яхшилик қилиш умрни зиёда қилади. Ёлғон ризқни камайтиради. Дуо қазони қайтаради", дедилар.

Ушбу ҳадисда ёлғоннинг бу дунёдаги зарарларидан бири-ризқни камайтириши зикр қилиняпти. Демак, Аллоҳ таоло ёлғончи кишининг уйидан, корхона бошлиғининг корхонасидан, ёлғончи подшоҳнинг юртидан баракани кўтаради, ризқларини қисқартириб қўяди. Ушбу ҳақиқатни бугунги кун тажрибасида ҳам кўриб турибмиз.

Ёлғончилиги билан танилган нусхаларнинг ҳаётига назар солсангиз, ризқи қисқалигини кўрасиз. Улар ўзларининг ёлғончилик сифати уларга бу дунё ва охиратда яхшилик келтирмаслигини теран англаб етишлари керак. Жумладан, бу дунёда ризқлари тор бўлиб, топганлари баракасиз бўлиб, дуч келгандан қарз сўраб юришлари бежиз эмаслигини тушунишлари лозим.

Демак, бу дунёю у дунёнинг бахтига эришмоқчи ва икки дунёнинг азоб-уқубатидан, шармандалигидан қутулмоқчи бўлсак, ризқимизнинг кенг ва сероб бўлишини истасак, ёлғондан қутулишимиз лозим экан. Бу ишда катта-ю кичик, эркаг-у аёл, фуқаро-ю амалдор баробар ҳаракат қилмоғи лозим. Ана шундагина яхшиликдан умид қилсак бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни ёлғончиликдан ва ёлғончиларнинг касридан Ўзи асрасин.
Олимжон КАРИМОВ
Пешку туман "Хўжа Пешку"
жомеъ масжиди имом хатиби

Манба: ЎМИ Бухоро вилояти вакиллиги

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ёлғон ризқни камайтиради