15:23 / 03.01.2021
1 813

Янги йилда ўзингизга берган ваъдаларингизни бажариш учун 5та муҳим тавсия

Янги йилда ўзингизга берган ваъдаларингизни бажариш учун 5та муҳим тавсия
Скрантон университети томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, одамларнинг атиги 8 фоизигина янги йил ваъдаларини бажара олар экан. Агар сиз ҳам ушбу 8 фоиз ичида бўлишни истасангиз, бутун йил давомида сўзингизда туришингизга ёрдам берувчи ушбу беш тавсияни ёдда тутинг.

Жуда кўпчилик янги йилда ўз ҳаётини ўзгартиришга қарор қилади ва ўзига ўзи ваъда беради. Зарарли одатларни ташлаш, спорт билан шуғулланиш, маблағ жамғариш, янги бир ишни бошлаш кабилар шулар жумласидан.

Янги йилда – дунё ҳамон коронавирус билан «олишиб» ётган бир паллада ўзингизга қандай ваъда берган бўлишингиздан қатъи назар, уларни амалга ошириш учун астойдил ҳаракат қилинг!

1. Кичик одимлар отинг

Ўз олдига аниқ мақсадларни қўйиш муваффақият қозониш имкониятини оширади.

Психотерапевт Рахен Вайнштейннинг фикрича, муаммонинг бир қисми «янги йилда тамоман бошқача одам бўламан» деган хаёл билан ўз олдига улкан мақсадлар қўйишдан келиб чиқади.

Агар ўзингиз учун кичик мақсадларни белгилаб олсангиз, уларга эришгач, кейинги маррага етиш имконини ҳам аниқ кўра оласиз. Масалан, марафонда ғолиб бўлишга ваъда бергандан кўра, бу ишнинг дастлабки одими сифатида спорт пойабзали сотиб олиш ва қисқа масофага югуришни бошлаш кўпроқ фойда бериши мумкин.

Муваффақиятнинг энг асосий сири – катта ўзгаришлардан қочиш эмас, балки мақсадга эришиш учун узоқ вақт давомида реал тарзда олдинга силжиб боришдир.

«Ҳаётдаги улкан ўзгаришлар кичик қадамлар билан бошланади», дейди Вайнштейн.

2. Мақсадни аниқ қўйинг

Ўз олдимизга бирон мақсадни қўяр эканмиз, бу мақсадга қандай эришиш ҳақида ўйлаб кўрмаслигимиз энг кенг тарқалган хатолардан биридир.

Унутманг: қадамларни аниқ тарзда режалаштириш жуда муҳим.

Оксфорд университети профессори Нил Левининг фикрича, «Кўпроқ машқ қиламан» деган мавҳум ваъдадан кўра, «Ҳар сешанба тушдан кейин ва шанба кунлари эрталаб спорт залига бораман» дейиш кўпроқ муваффақиятга элтиши мумкин.

Шу каби аниқ ва эришиш мумкин бўлган мақсадлар сизга нафақат мақсадни, балки унга эришиш йўлларини ҳам кўрсатади.

3. Қўллаб-қувватловдан фойдаланинг

Мақсадингиз йўлида ҳамроҳлик қиладиган инсонларни топа олиш ҳам сиз учун ажойиб туртки манбайи бўлиши мумкин. Бу бирор курсга дўстингиз билан бирга бориш ёки ўз режаларингизни бошқалар билан бўлишиш шаклида ҳам бўлиши мумкин.

Ваъда бериш ва уни бажариш омилларини тадқиқ қилган Варвик университети фалсафашуноси, доктор Жон Майклнинг айтишича, агар ваъдаларимиз бошқа инсонлар учун ҳам муҳим эканини англасак ва буни кўра олсак, мажбуриятларни бажариш эҳтимолимиз янада ортади. Айниқса, ваъдамизни бажармаслигимиз яқинларимизга зарар етказадиган бўлса. Шу маънода, мақсадингизга бошқаларни ҳам қўшишингиз унга эришишингизни осонлаштиради.

4. Муваффақиятсизликни енгиб ўтинг

Агар мақсадингизга эришиш қийинлашиб кетгудай бўлса, у ҳолда тўхтаб, вазиятни баҳоланг: қандай тўсиқларга дуч келдингиз? Қайси стратегия яхши иш бердию, қайси бири фойдасиз бўлиб чиқди?

Янада аниқроқ ишлашга ҳаракат қилинг ва энг кичик муваффақиятни ҳам нишонлашга одатланинг.

Агар мақсадга эришишга қатъий қарор қилган бўлсангиз, нега иродангизни кучайтирадиган бошқа йўлларни синаб кўрмаслигингиз керак?
Кундалик ҳаётингиздаги оддий ўзгаришлар ҳам тўғри йўлдан боришингизга ёрдам бериши мумкин.

5. Ваъдангизни узоқ муддатли мақсадлар билан бирлаштира олинг

Хулқ-атвор психологияси бўйича мутахассис Анне Свинбурннинг фикрича, ўзингизга беришингиз мумкин бўлган энг яхши ваъда – ноаниқ ва ўткинчи бўлмаган, балки узоқ муддатли мақсадларга эришиш йўлида олдинга силжишингизга ёрдам берувчи ваъдалардир.

Масалан, агар шу кунгача спорт билан шуғулланмаган бўлсангиз, дабдурустдан буюк спортчи бўлишга онт ичманг. Чунки бу айни дамда сиз амалга ошира олмайдиган ваъдадир.

«Фақатгина ўз иродасига таянадиган одамлар муваффақиятсизликка учрайди», дейди Свинбурн.

Шу боис, агар сизни ҳаяжонлантирадиган ёки қизиқтирадиган бирор мақсад бўлса, ишни биринчи кунданоқ батафсил режалаштиришдан бошланг ва бу йўлда дуч келадиган ҳар қандай тўсиқни матонат билан енгиб ўтинг!

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Янги йилда ўзингизга берган ваъдаларингизни бажариш учун 5та муҳим тавсия