Рақамли иқтисодиёт тадқиқотлари маркази олиб борган таҳлилий ўрганишларга қараганда, сўнгги йилларда Ўзбекистонда электрон тижорат рақамли иқтисодиётнинг асосий элементларидан бирига айланди.
Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда электрон тижорат ва чакана савдо ҳажми барқарор ўсиб бормоқда. Хусусан, 2022 йилда электрон тижорат савдолари ҳажми 2021 йилга нисбатан 1,8 баробар ошиб, 10 886,8 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этди. Бу умумий чакана савдо ҳажмининг 4 фоиздан ортиғига тенг.
Ўзбекистонда электрон тижоратнинг келажагини белгиловчи муҳим омиллардан бири—соҳани қонунчилик билан тартибга солишдир. 2022 йилда янгиланган “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Қонун истеъмолчиларни ҳам, тадбиркорларни ҳам ҳуқуқий ҳимоя қилади, электрон операцияларни амалга ошириш ва ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни белгилаш тартибини белгилайди. Ишончли ва барқарор электрон тижорат экотизимини яратишда қонунчилик ва тўлов тизимлари ҳал қилувчи рол ўйнайди. Улар жараённинг барча иштирокчилари — ҳам харидорлар, ҳам сотувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлайди.
2019 йилда “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди ва бу финтеч секторининг ривожланишига хизмат қилмоқда. Электрон тўловлар истеъмолчилар ва бизнес учун қулайлик ва хавфсизликни таъминловчи онлайн тижоратнинг ажралмас қисмига айланди. Ўзбекистонда онлайн транзакцияларни осонлаштирадиган бир қанча тўлов тизимлари мавжуд.
Солиқ хизмати порталининг маълумотларига кўра, электрон тижорат субъектлари сонининг сезиларли ўсиши кузатилмоқда. Жорий йилнинг 1 август ҳолатига уларнинг сони 159 тага етди, жумладан, 52 та электрон тўлов тизими ва 35 та банк мобил иловаси, 72 та интернет-дўкон ва савдо майдончалари мавжуд. Йил бошидан 1 августгача тақдим этилган чеклар миқдори 28 438,8 миллиард сўмни ташкил этди, шундан 7,4 фоизи интернет-дўконлар ва бозорлар томонидан таъминланди.
Баъзи компаниялар бир вақтнинг ўзида бир нечта йўналишларни фаол ривожлантирмоқда—булар финтеч, маркетплейс ва логистика. Бу муваффақиятда логистика ва почта хизматлари ҳам бирдек муҳим ўрин тутади. Уларнинг кенгайтирилган тармоғи товарларни мамлакатнинг энг чекка бурчакларигача етказиш ва олис ҳудудларда яшовчилар учун электрон тижоратдан фойдаланиш имконини беради. Масалан, миллий почта хизматининг 14 та ҳудудий филиали, 21 та туманлараро почта алоқаси, 143 та ҳудудий почта алоқаси, 1804 та почта алоқаси бўлими, шаҳар ва туманларда 1414 дан ортиқ етказиб бериш пунктлари мавжуд. Бу мамлакатда электрон тижорат учун қулай инфратузилмани яратади.
Буларга қўшимча, Ўзбекистон бозорига хорижий бозорларнинг кириб келиши маҳаллий тадбиркорларга жаҳон даражасига чиқиш ва жаҳон бозорларида рақобатлашиш имконини бермоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистонда электрон тижоратга Visa ва Mastercard тўлов тизимлари ҳам фаол жорий этилмоқда. Бу маҳаллий тадбиркорларга халқаро мижозлардан тўловларни қабул қилиш ва ўз бизнеси чегараларини кенгайтириш имконини беради.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг